Исроил ва АҚШ Эронга янги ҳужумларни режалаштирди
Олам
−
21 Декабрь 4151 2 дақиқа
Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху АҚШ Президенти Дональд Трампни Эронга нисбатан эҳтимолий янги ҳарбий зарбалар ҳақида хабардор қилишни режаламоқда. Бу ҳақда NBC News хабар берди.
Нашр манбаларига кўра, Нетаньяху Эрон баллистик ракеталар дастурини кенгайтираётганини таъкидлаб, Ислом Республикасига қарши янги зарбалар зарурлигини асослаб бермоқчи.
Исроил томони Теҳрон баллистик ракеталар ишлаб чиқаришини кескин ошириши мумкинлигини айтмоқда. Манбаларга кўра, бу кўрсаткич ойига 3000 донагача етиши эҳтимоли бор. Шунингдек, Исроил Эрон АҚШ июнь ойида зарба берган уранни бойитиш объектларини тиклаётганидан хавотирда. Бироқ Исроил расмийлари ракета ишлаб чиқариш инфратузилмасини қайта тиклаш ва ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини таъмирлашни янада долзарб таҳдид деб ҳисобламоқда.
Манбаларга кўра, Трамп ва Нетаньяху декабрь охирида АҚШнинг Флорида штатидаги Мар-а-Лаго қароргоҳида учрашиши кутилмоқда. Ушбу учрашувда Нетаньяху Эроннинг баллистик ракеталар дастурини кенгайтириши зудлик билан жавоб чораларини талаб қиладиган хавф эканига Трампни ишонтиришга ҳаракат қилади.
Трамп журналистларга берган изоҳида учрашув ҳали расман келишилмаганини, бироқ Нетаньяху уни кўришни истаётганини айтган.
Исроил Бош вазири девони эса 29 декабрь куни Ғазо келажаги муҳокамаси учун учрашув бўлишини билдирган.
Манбаларнинг айтишича, Нетаньяху Трампга Эрон ҳаракатлари нафақат Исроил, балки бутун минтақа ва АҚШ манфаатлари учун ҳам хавф туғдираётганини уқтиради. Шунингдек, у Вашингтоннинг янги ҳарбий амалиётларда иштироки ёки Исроилга ёрдам кўрсатиш бўйича вариантларни таклиф қилиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 22 июнь куни бир ҳафта давом этган Эрон-Исроил урушига АҚШ ҳам қўшилганди. Америка самолётлари Эрондаги учта ядровий объект – Фордо, Натанз ва Исфахонга зарба берди.
Шундан кейин, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш АҚШнинг Эрон ядровий иншоотларини бомбардимон қилишини минтақадаги хавфли авж олиш ва тинчлик ҳамда хавфсизликка бевосита таҳдид деб атади.
Live
Барчаси