Исроил ва ҲАМАС нималарга келишиб олди?

Олам

image

Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги биринчи босқич келишувининг тафсилотлари маълум бўлди. Бу ҳақда “Ynet” нашри хабар берди.

Маълум қилинишича, Исроил мудофаа армияси (ЦАХАЛ) кучларини келишилган чизиқларгача олиб чиққач, Ғазо секторининг 53 фоиз ҳудудини назорат қилишда давом этади. Бу кўрсаткич АҚШ Президенти Дональд Трампнинг тинчлик режаси доирасидаги “сариқ чизиқ”дан 4 фоизга кам бўлиб, “сариқ чизиқ” гаровдагилар озод қилингач, қўшинларни босқичма-босқич олиб чиқишни назарда тутади.

“Sky News Arabia” хабарига кўра, Шарм ал-Шайхдаги музокараларга яқин бўлган мисрлик манба Исроил ва ҲАМАС ўртасида тўлиқ ўт очишни тўхтатиш бўйича тузилган келишув қуйидагиларни ўз ичига олишини билдирган:

  • Исроил қўшинлари Ғазонинг 70 фоиз ҳудудидан босқичма-босқич чиқиб кетиши;
  • гаровдагилар ва қамоқда бўлган шахсларни бир вақтда озод этиш.

Аввалроқ, “The Jerusalem Post” нашри Исроил армияси Ғазо шаҳрининг ярмидан кўп қисмида амалий назоратни ўрнатгани ва бу ҳудуддан 1 миллион аҳолининг 800 мингдан ортиғи эвакуация қилингани ҳақида ёзганди. 

Шунингдек, келишув доирасида тирик исроиллик гаровдагиларни озод қилиш, 2000 дан ортиқ фаластинлик маҳбусларни озод қилиш ҳам кўзда тутилган. 

АҚШ раҳбари Дональд Трамп “Fox News” эфирида гаровдагиларни 13 октябрь куни озод қилиш режалаштирилаётганини айтган. 

“Улар келишувни маъқуллаган заҳоти Исроил ўз қўшинларини белгиланган чизиққача олиб чиқиши керак бўлади. Бу 24 соатдан камроқ вақт олади. Шундан сўнг, 72 соатлик муддат бошланади ва ҲАМАС имкон қадар бунга эрта эришишга ҳаракат қилади”, деган америкалик расмийларидан бири. 

Шу билан бирга, Исроил армияси ҳарбийларга “ҳар қандай сценарийга тайёр бўлиш” ҳақида огоҳлантириш берган. ЦАХАЛ фаластинликларни Ғазога қайтмасликка чақириб, бу ҳудудга қайтиш “ниҳоятда хавфли” эканини таъкидлаган. 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Трамп Исроил ва ҲАМАС ўртасида Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш бўйича келишув имзоланганини эълон қилганди. Режага кўра, халқаро тузилмалар – БМТ ва Қизил Хоч қўмитаси назорати остида гуманитар ташкилотларнинг Ғазо секторига кириш имконияти кенгайтирилади. Келишувга эришилганини ҲАМАС ва Исроил вакиллари ҳам расман тасдиқлаган.


Мақола муаллифи

Теглар

ҲАМАС

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг