Исроил Туркияга қарши курашга киришмоқда – Эрдўған
Олам
−
04 Октябрь
24304Исроилнинг минтақадаги режалари фақат Фаластин ва Ливан билан чегараланиб қолмайди ва у Туркияга таҳдид қилади. Бу ҳақда Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған бугун, 4 октябрь куни Аданадаги чиқишида сўз очди.
“Исроил Ғазо сектори, Ғарбий Соҳил ва Ливан билан чекланиб қолмаган маккор режани амалга оширмоқда. Унинг асосий мақсадини кўриш учун пайғамбар бўлиш шарт эмас. Тарихни, динлар тарихини, сиёсат ва дипломатияни биладиган ҳар бир киши Қуддус, Ал-Ақсо масжиди билан алоқани ва ваъда қилинган ер хаёлини осонгина кўради. Биз ваъда қилинган ер нима эканлигини жуда яхши биламиз. Улар том маънода Туркияга қарши курашга киришмоқда. Биз буни яхши биламиз. Ҳозирги Исроил маъмурияти ўзининг ҳар бир баёноти ва кўрсатган ҳар бир картаси билан ўзининг ҳақиқий ниятларини ошкор қилмоқда”, деди Эрдўған.
У, шунингдек, Исроилни БМТ Бош котиби Антониу Гутерришни персона нон грата деб эълон қилиш қарори учун танқид қилди.
“Минтақада ҳар сафар ўт очишни тўхтатиш, тинчлик ва осойишталикка яқинлашганда, Исроил ҳукумати бу жараёнларга путур етказувчи провокацияларни амалга оширади. Улар барча воситаларни ишга солиб, бутун ҳудуд бўйлаб оловни ёйиб, уни қон ва кўз ёшларига тўлдиришмоқда. Халқаро ҳуқуқ бутунлай четга сурилди. Исроил БМТ Бош котиби Гутерришга қарши чиқишдан уялмайди. У тақиқланганлигини эълон қилади. Сиз кимсизки, БМТ Бош котибига бирор нарсани тақиқлайсиз? Ҳозир дунёнинг 196 та давлати БМТ Бош котибини қўллаб-қувватлашига ишонаман”, деди Эрдўған.
Маълумот учун, Исроил Ташқи ишлар вазири Исроил Кац 2 октябрь куни БМТ Бош котиби Антони Гутерришга Эроннинг Исроилга ҳужумини қораламагани учун яҳудий давлатига киришни тақиқлаб, уни персона нон грата деб эълон қилганди.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгаши 3 октябрь куни БМТ Бош Гутерришни тўлиқ қўллаб-қувватлашини билдирди.
“Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби ёки ташкилотнинг ўзи билан мулоқот қилишдан бош тортиш тўғрисидаги ҳар қандай қарор, айниқса, Яқин Шарқда кескинлик кучайиб бораётган бир шароитда самарасиздир”, дея таъкидланади Хавфсизлик кенгашининг 15 аъзоси баёнотида.
Ҳужжатда, шунингдек, барча мамлакатлар БМТ Бош Ассамблеяси Президенти билан самарали муносабатлар ўрнатиши, унинг фаолиятига, шунингдек, идораси фаолиятига путур етказадиган ҳар қандай ҳаракатлардан тийилишига алоҳида эътибор қаратилади.
Гутерриш эса БМТ Хавфсизлик Кенгаши йиғилишида Эроннинг Исроилга қарши ҳужумини қоралади.
БМТ Бош котибининг доимий вакили Стефан Дюжжарик журналистлар билан суҳбатда Кацга эътироз билдирди ва бу баёнотни “Исроил ҳукумати томонидан БМТ ходимларига қаратилган навбатдаги ҳужум” деб таърифлади, лекин шунга қарамасдан ташкилотнинг Исроил билан барча даражадаги ҳамкорликни давом эттиришини таъкидлади.