Исроил Сурияга чегара ҳудудда ҳарбий машғулот ўтказди
Олам
−
07 Декабрь
2447Суриядаги беқарор вазият ортидан Исроил армияси Бош штаби мамлакатга чегарадош ҳудудда қўшинларни фавқулодда жойлаштириш бўйича машқлар ўтказди. Ушбу машғулотлар Сурия йўналишида юзага келиши мумкин бўлган ҳодисалар учун тайёргарликни синовдан ўтказишга қаратилган. Бу ҳақда Исроил армияси матбуот хизматига таяниб, “The Times of Israil” хабар берди.
Хабарга кўра, машқлар кеча, 6 декабрь куни Иордан водийсининг шимолий қисми ва Исроил назоратидаги Голан тепаликларининг жанубий ҳудудларида ўтказилган. Машғулот давомида Бош штабнинг доимий тайёрлик кучларини ерда ва ҳавода жойлаштириш, жавоб бериш вақтини баҳолаш ҳамда турли фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилиш усуллари ўрганилган.
“Ушбу машқлар қуруқлик қўшинлари ва ҳарбий-ҳаво кучлари ўртасидаги мувофиқликни оширишга, фавқулодда вазиятларда турли сценарийларга тезкор жавоб қайтариш қобилиятини яхшилашга қаратилган. Машқларда турли ўқув дастурлари ва бўлинмалардан ҳарбий хизматчилар иштирок этди. Улардан баъзилари Голан тепаликлари ҳудудида қолиб, Сурия чегараси бўйлаб мудофаа чоралари кучайтирилишини таъминлади”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Ҳаят Таҳрир аш-Шом” радикал экстремистик гуруҳи аъзолари Сурия жанубидаги Даръа вилояти маъмурий маркази ва вилоятнинг катта қисмини ўз назоратига олгани хабар қилинган эди.