Исроил Суриядаги қишлоққа ҳужум қилди
Олам
−
28 Ноябрь 2284 1 дақиқа
Бугун, 28 ноябрь куни Сурия жанубидаги қишлоқлардан бирига Исроил ҳарбий кучлари ҳужум қилди. Оқибатда камида 10 киши ҳалок бўлган. Исроил ҳарбийлари эса бу ҳужумни “террорчиларга қарши амалиёт” деб атамоқда. Бу ҳақда “France24” хабар берди.
Қайд этилишича, Исроил террорчиликда гумон қилинаётган шахсларни излаб, чегара ҳудудда жойлашган Суриянинг Байт Жин қишлоғига ҳужум қилган. Унда 10 га яқин тинч аҳоли ҳалок бўлган. Яна кўплаб аҳоли вайроналар остида қолган. Шундан сўнг, қишлоқ аҳолиси яқин атрофдаги хавфсиз ҳудудларга қочиб кетган.
Исроил армияси бу ҳолатга муносабат билдириб, Ливандаги “Жамоа Исломия” гуруҳига алоқадорликда гумонланганларни ҳибсга олиш операциясини ўтказгани ва амалиёт давомида олти исроиллик аскар яраланганини маълум қилди.
“Гумонланувчилар Исроил тинч аҳолисига қарши терактлар уюштирган ва Сурия жанубидаги Байт Жин ҳудудига яширинган ”, дейилади Исроил ҳарбийлари баёнотида.
Исроил ҳарбийлари ўз қўшинлари ўққа тутилганини ва шундан сўнг улар ҳаводан зарба берганини даъво қилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Исроил армияси (ЦАХАЛ) Ливан жанубида жойлашган “Ҳизбуллоҳ” ҳаракати обектларига зарба бергани ва гуруҳ бутун мамлакат бўйлаб ўз инфратузилмасини тиклашга уринаётганини иддао қилаётгани ҳақида хабар берилганди.
Live
Барчаси