Исроил Сурия президентининг қароргоҳи яқинига зарба берди
Олам
−
02 Май 8708 2 дақиқа
Кеча, 1 май куни Исроил армияси Дамашқдаги Сурия президенти Аҳмад аш-Шаранинг қароргоҳи яқинида жойлашган нишонга зарба берди. Бу ҳақда мамлакат Бош вазири Биньямин Нетаньяху маълум қилди.
Ушбу ҳужум Суриядаги друз гуруҳларига нисбатан таҳдиднинг олдини олиш мақсадида амалга оширилган.
“Бу – Сурия режимига аниқ сигнал. Биз Дамашқ жанубига қўшин юборилиши ёки друз гуруҳига нисбатан исталган таҳдидни қатъиян рад этамиз”, дейди Нетаньяху.
Исроил Мудофаа вазири Исроил Кац ҳам чиқиш қилиб, агар Суриянинг янги раҳбарияти друзларга қарши ҳужумларнинг олдини ола олмаса, Исроил бунга куч билан жавоб беришини билдирган. Унга кўра, 30 апрель куни Сурияда друзларга ҳужум уюштирилганидан сўнг у ва Бош вазир Исроил армиясига экстремистик гуруҳларга қарши огоҳлантирувчи зарба бериш буйруғини берган.
Сурия ва Ливан манбаларига кўра, ҳодисалар занжири қуйидагича ривожланган: 29 апрель куни Суриянинг Дамашқ яқинидаги Жарамана шаҳрида друзлар ва сунний қуролли гуруҳлари ўртасида юзага келган тўқнашувларда камида икки киши ҳалок бўлган. Сурия ҳукуматининг расмий баёнотига кўра, ушбу тўқнашувларда жами 13 киши ҳалок бўлган.
Ушбу воқеалар фонида Исроилнинг ўзида ҳам норозиликлар кучайган. Мамлакат шимолида яшовчи друзлар намойиш ўтказиб, йўлларни тўсиб қўйган ва ҳукуматдан Суриядаги друз жамоасига ёрдам беришни талаб қилган.
Маълумот учун, друзлар – асосан араб тилида сўзлашувчи этник гуруҳ бўлиб, “друзизм” деб аталувчи, XI асрда исмоилийликдан ажралиб чиққан диний таълимотга эътиқод қилади. Улар Ливан, Сурия, Иордания ва Исроил ҳудудларида яшайди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Исроил ҳаво кучлари Байрут жанубидаги нишонга ҳаво ҳужуми уюштирганди. Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху идорасининг маълум қилишича, зарба “Ҳизбуллоҳ” томонидан аниқ ракеталарни сақлаш учун фойдаланилган бинога берилган. Ливан Президенти Жозеф Аун Исроилнинг зарбасини қоралаб, буни “Ҳизбуллоҳ” ва Исроил ўртасида ноябрь ойи охирида эришилган ўт очишни тўхтатиш келишувининг навбатдаги бузилиши деб атади.
Live
Барчаси