Исроил Байрутга зарба берди
Олам
−
28 Апрель
4206Исроил ҳаво кучлари кеча, 27 апрель куни Байрут жанубидаги нишонга ҳаво ҳужуми уюштирди. Бу ҳақда AFP хабар бермоқда.
Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяхунинг идораси маълум қилишича, зарба “Ҳизбуллоҳ” томонидан аниқ ракеталарни сақлаш учун фойдаланилган бинога берилган.
AFP'нинг таъкидлашича, ЦАХАЛ аввалроқ маҳаллий аҳолига ҳужум содир бўлган ҳудудни эвакуация қилиш зарурлиги ҳақида маълум қилган. Ливан пойтахтидаги агентлик мухбири одамлар “зич яшайдиган” Ҳадат ҳудудидаги ҳужум ва ундан кейинги ёнғин белгиларига гувоҳ бўлган. Бироқ фуқаролик инфратузилмасига зарар етганлиги ва қурбонлар ҳақида маълумотлар йўқ.
Ливан телеканалларида эса ангарга ўхшаш иншоот яқинидаги ёнғин тасвирлари пайдо бўлди.
Ливан президенти Жозеф Аун Исроилнинг зарбасини қоралаб, буни “Ҳизбуллоҳ” ва Исроил ўртасида ноябрь ойи охирида эришилган ўт очишни тўхтатиш келишувининг навбатдаги бузилиши деб атади. Аввалроқ камида иккита шунга ўхшаш ҳаво ҳужуми ҳақида хабар берилган эди.
Аун битим тузилганида Ливан хавфсизлигининг кафиллари сифатида ҳаракат қилган Франция ва Қўшма Штатларни Исроилга таъсир ўтказишга ва “ҳужумларини дарҳол тўхтатишга мажбур қилиш”га чақирди.
Нетаньяху идораси, ўз навбатида, “Ҳизбуллоҳ”нинг Байрутдаги инфратузилма объектида ракеталарни сақлаши келишувни бузиш эканини айтди.
Ҳужумни БМТнинг Ливан бўйича махсус координатори Жанин Хеннис-Плассчаерт ҳам қоралади.
“Байрутнинг жанубий чекка ҳудудларидаги зарбаси ваҳима ва нормал ҳаётга қайтишни орзу қилганлар ўртасида зўравонликнинг қайта тикланиши қўрқувини уйғотди. Биз барча томонларни сулҳ битимига путур етказиши мумкин бўлган ҳар қандай ҳаракатларни тўхтатишга чақирамиз”, деб ёзди у Х ижтимоий тармоғида.
Ҳаво ҳужуми кун давомида Ливандаги нишонларга Исроилнинг ягона ҳужуми эмас эди. Шу куни мамлакат жанубида дрон ҳужумида мамлакат аҳолисидан бири ҳалок бўлди. ЦАХАЛнинг айтишича, бу шахс “Ҳизбуллоҳ” зобити бўлиб, гуруҳнинг минтақада инфратузилмани тиклаш ҳаракатларига раҳбарлик қилган.
Ливан оммавий ахборот воситалари, ўз навбатида, зарба қурбони маҳаллий товуқ фермери бўлганини хабар қилди.
LiveБарчаси