Исроил супермаркетлари Эрдўған сабаб Туркияга қарши қадам ташлади
Олам
−
01 Ноябрь 2023
39375Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Фаластиннинг ҲАМАС радикал ҳаракатини террорчи гуруҳ деб белгилашдан бош тортгани учун Исроилнинг кўплаб супермаркетлар тармоғи Туркиядан импорт қилишни тўхтатди. Бу ҳақда Исроилнинг “Haaretz” газетаси хабар берди.
Унинг маълумотларига кўра, Исроилнинг энг йирик супермаркетлар тармоғи Shufersal, шунингдек, унинг рақобатчилари Rami Levy ва Yochananof турк маҳсулотларидан бош тортган. Қайд этилишича, улар бу қарорни кучли жамоатчилик босими сабаб қабул қилган. Хусусан, Rami Levy тармоғи турк помидорини Исроилникидан афзал кўрганликда айбланган.
“Чакана сотувчилар эндиликда истеъмолчилар турк помидорларини тақиқланган деб ҳисоблашларини тушунган кўринади”, дейилади газетада.
Кичикроқ импортчилар йирик бозор иштирокчиларидан ўрнак олишди. Бу қисман, нашрнинг аниқлик киритишича, 7 октябрь воқеаларидан кейин кошер маҳсулотларининг барча инспекторлари Туркияни тарк этгани сабабли содир бўлди.
“Haaretz” нашрига кўра, Туркия охирги йилларда Исроилнинг асосий экспортчиларидан бирига айланган. 2022 йилда тегишли рейтингда Хитой, АҚШ, Швейцария ва Германиядан кейин бешинчи ўринни эгаллаган.
Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған 25 октябрь куни Анқара ҲАМАСни террорчи ташкилот деб ҳисобламаслигини айтди. Парламентдаги чиқиши чоғида у ҲАМАС ўз ерларини ҳимоя қилиш учун курашаётган озодлик ва мужоҳидлар гуруҳи эканлигини таъкидлади. Бунга жавобан Исроил Миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен-Гвир Туркия раҳбарини ҲАМАС тарафдорларини ўз мамлакатига олиб боришни таклиф қилди. Бунинг ортидан Исроил Ташқи ишлар вазири Эли Коэн ўз мамлакати икки томонлама муносабатларни қайта кўриб чиқиш учун Туркиядан дипломатларини зудлик билан чақириб олишини маълум қилди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь