Исроил самолёти Женинга зарба берди

Олам

image

Исроил ҳарбий-ҳаво кучларига тегишли самолёт Ғарбий Соҳилдаги Женин шаҳридаги қочқинлар лагерига зарба бериб, беш нафар жангарини йўқ қилди. Бу ҳақда мамлакат ҳаво кучлари матбуот хизмати хабар берди.

“Бугун тунда Женин қочқинлар лагерида кенг кўламли аксилтеррор операцияси вақтида Ҳарбий ҳаво кучлари самолёти қуролли гуруҳларга ҳужум қилди. Ҳаво ҳужумида беш нафар жангари ҳалок бўлди”, дейилади Ҳарбий ҳаво кучларининг Х ижтимоий тармоғидаги (собиқ Twitter) расмий саҳифасида эълон қилинган баёнотида.

“Al Jazeera” телеканалининг хабар қилишича, 17 ноябрга ўтар кечаси Исроил қўшинлари Иордан дарёсининг ғарбий соҳилида ҳарбий рейдларини давом эттириб, Женин шаҳрига шимол ва шарқдан бостириб кирган. Шунингдек, Исроил ҳарбий хизматчилари ва Фаластин қаршилик кучлари ўртасида шиддатли отишмалар бўлган. Телеканалнинг қўшимча қилишича, Исроил қўшинлари шаҳар инфратузилмаси ва кўчаларини бульдозер билан босиб бормоқда.

WAFA агентлиги эса Женинда Исроил учувчисиз самолёти ҳужуми оқибатида камида уч фаластинлик ҳалок бўлгани ва камида тўққиз киши яраланганини хабар қилган. Фаластин Соғлиқни сақлаш вазирлиги ўтган кечада ўлганлар сони ҳақида ҳали маълумот бермаган.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Исроил Мудофаа кучлари Женин шаҳридаги “Ибн Сино” шифохонасини қуршаб олгани айтилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Исроил Женин

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг