Исроил разведкаси ХЖС прокурори Карим Хонни кузатган

Олам

image

Исроил разведка хизматлари Гаагадаги Халқаро жиноий суд ходимлари устидан кенг кўламли кузатув ўтказди ва Исроил хавфсизлик кучларининг Фаластин ҳудудидаги ҳаракатларини тергов қилишга халақит бериш мақсадида унинг ишига аралашишга ҳаракат қилди. Бу ҳақда Исроилнинг “Сиха Мекомит” ва “+972” нашрлари ҳамда Британиянинг “The Guardian” нашри кеча, 29 май куни эълон қилган қўшма текширувда хабар қилинди.

Журналистларнинг сўзларига кўра, кузатув нишонлари орасида Халқаро жиноий суднинг амалдаги прокурори Карим Хон ҳам бўлган. У яқинда Гаага судидан Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху ва мамлакат Мудофаа вазири Йоав Галантни ҳарбий жиноятларда гумон қилинган ҳолда ҳибсга олиш учун ордер беришни сўраган эди.

Текширув муаллифлари Исроил разведка хизматларининг йигирмадан ортиқ амалдаги ва собиқ аъзолари ва давлат хизматчилари, ХЖС ходимлари, дипломатлар ва адвокатлар билан суҳбатларга ишора қилмоқда. Нашрнинг таъкидлашича, Исроил деярли ўн йилдан бери судга қарши яширин "уруш" олиб бормоқда. Бу нафақат кузатув, балки хакерлик ҳужумларини ҳам ўз ичига олади.

Хон бир неча ой давомида тўғридан тўғри кузатилган. Бу эса Бош вазир Нетаньяхуга Карим Хоннинг ниятларини олдиндан билишга имкон берди. Хоннинг қўлга киритилган ёзишмаларидан келиб чиққан ҳолда, у бир мунча вақт олдин Исроил раҳбарларини ҳибсга олиш учун ордер беришни сўрамоқчи бўлган, аммо буни истамаган. Сабаби, унга бу масала юзасидан Қўшма Штатлар томонидан кучли босим уюштирилган.

“The Guardian” газетасининг хабар беришича, Исроил ташқи разведка хизмати “Моссад”нинг собиқ раҳбари Йосси Коэн 2017 йилги махфий учрашувлар чоғида ўша пайтдаги ХЖС прокурори Фатоу Бенсудага таҳдид қилиб, уни Исроил уруш жиноятлари бўйича терговдан воз кечишга мажбурлаган. Тергов 2021 йилда бошланган.

Исроил ҳукумати ва армияси расмийлари тергов айбловларини рад этди. ХЖСнинг таъкидлашича, "судга душман" қатор мамлакатларнинг разведка хизматлари махфий маълумотларни тўплаш ва кузатув билан шуғулланган. Шу билан бирга, суд матбуот хизмати Исроил разведка хизматларининг ушбу фаолиятдаги иштирокини на тасдиқлади, на рад этди.

Эслатиб ўтамиз, 20 май куни Карим Хон суднинг дастлабки тергов палатасидан Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху, шунингдек, Мудофаа вазири Йоав Галант ва ҲАМАСнинг уч нафар етакчисини ҳарбий жиноятларда айблаб, ҳибсга олиш учун ордер беришни сўрашини айтганди. АҚШ Президенти Жо Байден бу қарорни ғайритабиий, деб атади. Буюк Британия ҳам бунга қарши чиқди. Франция ва Бельгия ҳукуматлари қарорни қўллаб-қувватлади.


Мақола муаллифи

Теглар

Исроил Халқаро жиноий суд Карим Хон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг