Исроил Президенти Озарбайжонга борди

Олам

image

Бугун, 30 май куни Исроил Президенти Ицхак Герцог расмий ташриф билан Озарбайжонга борди. Бу ҳақда Озарбайжон раҳбарининг матбуот хизмати хабар берди.

Икки давлатнинг байроқлари ҳилпираб турган Ҳайдар Алиев номидаги халқаро аэропортда олий мартабали меҳмон шарафига фахрий қоровул саф тортган. Исроил Президенти Ицхак Герцог ва унинг рафиқаси Михал Герцогни Озарбайжон Бош вазирининг биринчи ўринбосари Ягуб Эйюбов, Ташқи ишлар вазири ўринбосари Фариз Рзаев ва бошқа расмий шахслар кутиб олган. 

Ицхак Герцог озарбайжонлик мавқедоши Илҳом Алиев Исроил билан учрашиб, мудофаа саноати соҳасида ҳамкорликни юқори баҳолаган.

“Озарбайжон кўп йиллардан буён Исроилнинг замонавий ускуналарига эга бўлиб, бу бизга мудофаа қобилиятимизни ошириш, давлатчилигимизни мустаҳкамлаш, қадриятларимиз ва ҳудудий яхлитлигимизни ҳимоя қилишда ёрдам беради”, деган Озарбайжон раҳбари. 

Исроил Президентининг ташрифини “тарихий” деб атаган Илҳом Алиев исроиллик мавқедошига замонавий Озарбайжон дуч келаётган таҳдидлар ҳақида гапириб берган. Давлат раҳбари икки давлат яқинда ҳамкорлик қила бошлаган соҳалардан бири бу киберхавфсизлик эканини таъкидлаган. 

Шунингдек, сиёсатчи Озарбайжон яҳудий жамияти вакилларининг республика тараққиётидаги фаол иштирокига эътибор қаратган. 

“Яҳудий жамияти вакиллари, Озарбайжон фуқаролари мамлакатимизнинг замонавий тараққиётига улкан ҳисса қўшаётган ва қўшиб келаётган инсонлардир. Улар биз билан, Озарбайжондаги барча бошқа миллат вакиллари билан мустақиллигимиз, ҳудудий яхлитлигимиз учун елкама-елка курашдилар. Бугун бу омил нафақат Озарбайжоннинг муваффақиятли ривожланиши, маданиятлараро тинчлик ва дўстлик, балки икки томонлама муносабатларимиз учун ҳам муҳим омил бўлмоқда”, деган Алиев.

Ўз навбатида Исроил Президенти Озарбайжонда бўлганидан мамнунлигини билдирган. Унинг таъкидлашича, Исроил ва Озарбайжон ўртасидаги ҳамкорлик яҳудийлар ва мусулмонлар биргаликда катта ютуқларга эриша олиши, очиқ мулоқот олиб бориши ва дунё манфаати учун ҳаракат қилишлари мумкинлигининг кўрсаткичидир.

Герцогнинг Озарбайжонга сафари давомида Бакуда бир қатор ҳужжатларни имзолаган ва Илҳом Алиевни Исроилга таклиф қилган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 31 март куни Эрон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Носир Канани Озарбайжон Ташқи ишлар вазири Жайҳун Байрамовнинг Исроилга ташрифини қоралаган ва Бакуни Исроил билан Эронга қарши ҳамкорлик қилишда айблаган.


Мақола муаллифи

Теглар

Озарбайжон Илҳом Алиев Исроил Ицхак Герцог

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг