Исроил Насруллоҳнинг эҳтимолий вориси ўлдирилганини тасдиқлади

Олам

image

Исроил Мудофаа кучлари Ливандаги “Ҳизбуллоҳ” гуруҳининг собиқ етакчиси Ҳасан Насруллоҳнинг эҳтимолий вориси Ҳошим Сафи ад-Дин ҳамда “Ҳизбуллоҳ” разведкаси раҳбари Али Ҳусайн Ҳазима ўлдирилганини тасдиқлади. Бу ҳақда кеча, 22 октябрь куни Исроил Қуролли кучларининг баёноти эълон қилинди.

Мудофаа вазирлигига кўра, Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари Даҳиядаги тинч аҳоли объектлари остида жойлашган “Ҳизбуллоҳ”нинг асосий разведка қароргоҳига зарба берган. Ҳужум пайтида штаб-квартирада 25 дан ортиқ “Ҳизбуллоҳ” вакили бўлган, жумладан, ҳаракатнинг Суриядаги разведка штабида ҳаво маълумотларини йиғиш учун масъул бўлган Билол Соиб Аиш ҳам улар орасида эди.

Маълумот учун, Сафи ад-Дин ижроия қўмита раҳбари бўлиб ишлаган ва Исроил ҳаво ҳужумида ҳалок бўлган гуруҳнинг собиқ раҳбари Ҳасан Насруллоҳнинг амакиваччаси ҳамда Эроннинг “Қудс” кучлари собиқ қўмондони, АҚШ ҳаво ҳужумида ўлдирилган Қосим Сулаймонийнинг куёви.

Ҳошим Сафи ад-Дин 1964 йилда Ливан жанубидаги Дайр қонун ан-Наҳр шаҳрида туғилган. У Нажаф ва Қумда Насруллоҳ билан машғулот ўтказган ва 1982 йилда “Ҳизбуллоҳ”га асос солган. 1994 йилда Сафи ад-Дин ижроия қўмита раҳбари бўлиб, ўша пайтга қадар бутун гуруҳни бошқарган Насруллоҳ ўрнини эгаллади.

Манбаларга кўра, Насруллоҳ ўз амакиваччасини вафот этган тақдирда 2008 йилда меросхўр этиб тавсия қилгани ҳақида маълумотлар бор.

“Al Arabiya” нашрининг ёзишича, Сафи ад-Дин 30 йил давомида гуруҳнинг махфий ишлари билан шуғулланган ва умумий стратегияни ишлаб чиқишни Насруллоҳга топширган. BBC Arabic аниқлик киритишича, у “Ҳизбуллоҳ”нинг сиёсий, ижтимоий, маданий ва маърифий фаолиятини назорат қилишда иштирок этган. 2017 йилнинг май ойида АҚШ ва Саудия Арабистони Сафи ад-Динни террорчилар рўйхатига қўшган эди.

Эслатиб ўтамиз, 19 октябрь куни Ливаннинг “Ҳизбуллоҳ” ҳаракати томонидан учирилган дрон Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяхунинг Тель-Авив шимолидаги Кейсария шаҳридаги шахсий қароргоҳига бориб урилганди. Дрон ҳужум қилган пайтда Нетаньяху қароргоҳда бўлмаган, шунингдек, бошқа жароҳат олганлар ҳам мавжуд эмас. Ижтимоий тармоқларда тарқалган постларда ҳам мазкур ҳужумда зарар кўрган бинолардан бири Нетаньяхунинг уйининг бир қисми экани айтилди. 20 октябрь куни кечқурун Исроил ҳаво кучлари Ливандаги “Ал-Қард Ал-Ҳассан” молия-кредит уюшмасининг бир қанча филиалларига ҳужум уюштирди. Якшанба куни берилган зарбаларнинг аксарияти Байрутнинг жанубий чеккасига қаратилган бўлиб, мазкур ҳудудда 11 та офис нишонга олинган. Қолган вайроначилик ҳаракатлари Баалбек, Бека водийси ва мамлакат жанубидаги Тирда содир этилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Исроил Ҳошим Сафи ад-Дин Насруллоҳ

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made