Исроил минглаб қочқинлар жойлашган мактабни бомбардимон қилди
Олам
−
04 Ноябрь 2023
6949Исроил ҳаво кучлари Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Фаластинлик қочқинларга ёрдам кўрсатиш агентлигига қарашли (UNRWA) Ғазо шимолидаги мактаб биносига ракета отди. Бу ҳақда WAFA агентлиги хабар берди.
Айтилишича, ас-Сафтавий ҳудудидаги мактаб минглаб кўчирилганлар учун бошпана вазифасини ўтаган. Мактабга қилинган ҳужум оқибатида бино ичида ўнлаб одамлар ҳалок бўлган ёки оғир жароҳат олган.
“Al Jazeera” телеканалига кўра, мактаб биносининг бомбардимон қилиниши оқибатида 20 дан ортиқ одам ҳалок бўлган ва ўнлаб одамлар яраланган.
2 ноябрь куни UNRWA Бош комиссари Филипп Лаззарини CNN телеканалига Исроил ҳаво кучларининг Ғазо шимолидаги Жабалиядаги БМТ мактабига уюштирган ҳужумида 20 дан ортиқ одам ҳалок бўлганини айтган. Унинг маълумотларига кўра, атиги бир кун ичида UNRWA’нинг учта мактаби бомбаланган, уларда 20 мингга яқин одам бошпана топган эди.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти агентлигининг маълум қилишича, ҳозирда Ғазо сектори бўйлаб 149 та жойда 690 минг ички кўчирилганлар бошпана топган. Тахминан 160 минг киши анклав шимолидаги 57 бошпанада қолмоқда ва UNRWA жанглар туфайли ҳозирда уларга хизмат кўрсата олмаяпти.
Эслатиб ўтамиз, 30 октябрь куни Исроил армияси Ғазо секторидаги саратон касаллигига чалинганлар даволанадиган Туркия-Фаластин дўстлик шифохонасига ҳужум қилганди. 31 октябрь ва 1 ноябрь кунлари Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари Жабалия қочқинлар лагерига ҳужум қилди.
LiveБарчаси