Исроил махфий ҳужжатлар ошкор этилиши сабабли Эронга ҳужумни кейинга қолдирди – “The Times”

Олам

image

Исроил АҚШнинг махфий ҳарбий маълумотлари сиздирилгани сабабли Эронга жавоб зарбасини кечиктирди. Бу ҳақда ҳарбий манбаларга таяниб, Британиянинг “The Times” нашри бугун, 24 октябрь куни хабар берди.

Ўта махфий маълумот ўтган ҳафта охирида эронпараст Telegram-каналда эълон қилинган ва унда Исроилнинг эҳтимолий жавобига АҚШ баҳо бергандек туюлди.

“Нашр қилинган ҳужжатда Исроилнинг Golden Horizon ва Rocks баллистик ракеталари тилга олинган”, деб ёзади “The Times”.

Қайд этилишича, Исроил бу маълумотларнинг сизиб чиқиши Эронга ҳужумни башорат қилишга ёрдам беришидан хавотирда. Натижада муқобил режа ишлаб чиқилган.

“АҚШ ҳужжатларининг ошкор этилиши маълум стратегия ва компонентларни ўзгартириш зарурати туфайли ҳужумни кечиктирди. Жавоб бўлади, аммо бу кутилганидан кўпроқ вақт талаб қилди”, деди разведка манбаси.

АҚШ разведка маълумотларининг сизиб чиқишини текширмоқда

19 октябрь куни CNN телеканалининг хабар беришича, Қўшма Штатлар Исроилнинг Эронга қарши жавоб қайтариш режаларига оид юқори даражадаги махфий маълумотларнинг сизиб чиқишини текширмоқда. Нашр этилган ҳужжатларда сўнгги кунларда Исроил ҳаво кучларининг бир нечта базаларида амалга оширилган чора-тадбирлар батафсил баён этилган. Хусусан, гап Эронга ҳужум қилиш учун мўлжалланган ўқ-дориларни ташиш, Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари томонидан разведка самолётлари ва қирувчи самолётлар иштирокида кенг кўламли ўқув машғулотлари ўтказиш ва “ҳаво-ер” ракеталаридан фойдаланиш, шунингдек, Исроилнинг дрон операторлари бўлинмалари Эронга ҳужум қилишга тайёрланиши ҳақида бормоқда.

Эронпараст Telegram-каналнинг даъво қилишича, у эълон қилган ҳужжатлар Америка разведка идоралари: Миллий хавфсизлик агентлиги ва Миллий геофазовий-разведка агентлиги томонидан тузилган.

CNN таъкидлашича, қоғозларда уларни фақат Қўшма Штатлар ва унинг “Беш кўз” разведка альянсидаги иттифоқчилари – Австралия, Канада, Янги Зеландия ва Буюк Британия кўриши мумкинлигига ишора қилувчи белгилар мавжуд.

Маълумот учун, 1 октябрь куни Эрон Исроилга бир йил ичида иккинчи йирик ҳужумни уюштирди ва мамлакатга 200 га яқин ракета отди, уларнинг аксарияти ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари томонидан тутиб олинди. Теҳрон бу ҳужумни “Ҳизбуллоҳ” етакчиси Ҳасан Насруллоҳ ва ҲАМАС етакчиси Исмоил Хониянинг ўлдирилишига жавоб деб атади.

Исроил Мудофаа кучлари матбуот котиби Даниэль Ҳагарининг таъкидлашича, Эрон ракеталарни отиш орқали Исроилнинг минглаб тинч аҳолисини "ўлдириш" ниятида. Нетаньяху Эрон “катта хатога йўл қўйгани ва бунинг учун бадал тўлашини” айтди.

19 октябрь куни Ливандан учирилган учувчисиз самолёт Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяхунинг Кесария шаҳридаги шахсий қароргоҳига ҳужум қилганидан сўнг, Исроил Бош вазири Теҳрон ва унинг иттифоқчиларини уни ва унинг рафиқини ўлдиришга уринганликда айблади. Нетаньяху Эрон ва унинг иттифоқчилари Исроил фуқароларига зарар етказмоқчи бўлса, “катта тўлов” қилишлари билан таҳдид қилди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Эрон Австралия Исроил

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made