Исроил Ливан билан музокараларни бошлади

Олам

image

Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху Ливан билан тўғридан-тўғри тинчлик музокараларини бошлаш бўйича топшириқ берди. Бу ҳақда унинг матбуот хизмати маълум қилди.

Нетаньяхунинг айтишича, музокаралар асосан “Ҳизбуллоҳ”ни қуролсизлантириш ва икки давлат ўртасида тинч муносабатларни йўлга қўйишга қаратилади. У Ливан томонидан тўғридан-тўғри мулоқот бошлашга бўлган чақириқларни ҳам ижобий баҳолаган.

Маълумотларга кўра, музокаралар яқин кунларда бошланиши, кейинги ҳафтада эса АҚШда ўтказилиши кутилмоқда.

Қайд этилишича, АҚШ Президенти Дональд Трамп Нетаньяху билан телефон орқали мулоқот қилиб, Ливанга зарбаларни камайтиришни сўраган. Мақсад – Эрон билан эришилган сулҳнинг бузилиб кетишини олдини олиш.

CNN ва бошқа манбаларга кўра, айнан Трампнинг илтимоси Нетаньяхунинг музокараларни бошлаш қарорига таъсир кўрсатган.

Шу билан бирга, Исроил томони ҳозирча тўлиқ ўт очишни тўхтатиш эълон қилинмаганини билдирган.

Шунингдек, Эрон Президенти Масъуд Пезешкиён агар Ливанга ҳужумлар давом этса, мамлакат АҚШ ва Исроилга қарши жавоб қайтаришини огоҳлантирган.

Ливан томони вақтинчалик сулҳга эришишга ҳаракат қилмоқда. Шунингдек, АҚШни музокараларда воситачи ва келишув кафили сифатида кўришни истамоқда.

Айни пайтда Исроил расмийлари Ливан билан музокаралар бошланишидан олдин “Ҳизбуллоҳ” билан ўт очишни тўхтатиш режалаштирилмаганини билдирган.

Эслатиб ўтамиз, 7 апрель куни АҚШ ва Эрон ўртасида икки ҳафталик сулҳ бўйича келишувга эришилган эди. 8 апрель куни Ливаннинг жанубида жойлашган Ал-Калаила аҳоли пункти яқинида Исроил дрони тез ёрдам машинасига зарба берганди. Бу ҳаракат АҚШ ва Эрон келишган 2 ҳафталик битимнинг амалда бузилишидир. Чунки сулҳ АҚШ ва Эрон ўртасида тузилган бўлишига қарамай, уни Исроил ҳам қабул қилган. Эрон томонидан тақдим этилган битимда Ливанга зарба бермаслик шарти ҳам қўйилганди. Буни Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шариф ҳам айтган.


Мақола муаллифи

Теглар

Ливан Ҳизбуллоҳ Масъуд Пезешкиён

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг