Исроил Ливан билан чегарани бузадиган девор қурди – БМТ
Олам
−
15 Ноябрь 1497 2 дақиқа
БМТнинг Ливандаги Вақтинчалик Кучлари (UNIFIL) сўнгги текширувига кўра, Исроил армияси Ливан билан чегарани белгиловчи “Blue Line”ни кесиб ўтган девор қурган. Бу ҳақда БМТ вакилига таяниб, “Reuters” нашри хабар берди.
Blue Line — БМТ томонидан белгиланган чизиқ бўлиб, Ливан ва Исроил ҳамда Исроил томонидан эгалланган Жўлон тепаликларини ажратади.
БМТ вакили Стефан Дюжаррикнинг айтишича, Исроил армияси қурган T шаклидаги бетон девор 4 минг квадрат метр ҳудудга маҳаллий аҳоли учун кириш имкониятини йўқ қилади. Шу билан бирга, деворнинг яна бир қисми Яроун шаҳрининг жануби-шарқида қурилмоқда.
UNIFIL Исроилни текширув натижалари билан таништирган ва деворни олиб ташлашни сўраган. UNIFIL баёнотида айтилишича, Исроилнинг бу ҳаракатлари БМТ Хавфсизлик Кенгаши 1701-сонли резолюциясига ҳамда Ливаннинг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигига зид.
Исроил армияси эса девор Blue Line’ни кесиб ўтганини рад этган. Уларнинг айтишича, девор 2022 йилда бошланган кенгроқ режа доирасида ва шимолий чегара хавфсизлигини мустаҳкамлаш учун қурилган.
UNIFIL 1978 йилда ташкил этилган бўлиб, Литани дарёсининг шимолида ва Blue Line жанубида фаолият юритади. Миссияда 50 мамлакатдан 10,000 дан ортиқ ҳарбий ва тахминан 800 фуқаролик ходими ишлайди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Исроил ҳарбий самолётлари Ливан шарқидаги Баальбек шаҳрида бир нечта жойларни бомбардимон қилганди.