Исроил кучлари Ал-Ақсога бостириб кирди (видео)

Олам

image

Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидида Исроил хавфсизлик кучлари билан тўқнашувда ўнлаб фаластинликлар яраланди. Бу ҳақда Фаластиннинг “WAFA” агентлиги хабар берди.

Кеча, 4 апрель куни кечқурун Исроил кучлари масжиднинг намозхонасига бостириб кириб, у ердаги фаластинликларга шовқинли гранаталар, заҳарли газ, резина ўқлар ва бошқа воситалар ёрдамида ҳужум қилган. Агентлик маълумотларига кўра, масжидга бостириб кирган Исроил хавфсизлик кучлари дубинка ва милтиқ дасталаридан ҳам фойдаланган.

Фаластин асирлари ишлари бўйича қўмита воизи Риёд ал-Ашкар журналистларга берган маълумотига кўра, Исроил Ал-Ақсода уюштирган рейд натижасида 200 дан ортиқ фаластинликни қўлга олган. Унга кўра, қўлга олинганлар Исроилнинг Қуддусдаги Анатадаги ҳарбий базасига ўтказилган.

Шунингдек, ал-Ашкар ярадорларнинг бир қисми зудлик билан даволанишга муҳтож эканини, Исроил эса уларга тиббий ёрдам кўрсатиш ёки шифохоналарга ўтказишдан бош тортаётганини қўшимча қилган.
Фаластин матбуотининг қайд этишича, рейддан сўнг Ғарбий Соҳилнинг бир қатор шаҳарларида намойишлар бошланган. Фаластин Бош вазири Муҳаммад Штайе айтганидек, Ал-Ақсо масжидида содир бўлаётган воқеалар намозхонларга қарши катта жиноятдир.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Исроил полицияси Ал-Ақсо масжиди дарвозаси олдида фаластинлик эркакни ўлдирган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Ал-Ақсо Қуддус Исроил

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг