Исроил хавфсизлиги ва унинг дунёдаги ўрни хавф остида – Блинкен (видео)
Олам
−
22 Март
11741Бугун, 22 март куни Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху Яқин Шарққа сафари доирасида Тель-Авивга ташриф буюрган АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкенни қабул қилди. Бу ҳақда Исроил ҳукумати раҳбари идораси хабар берди.
“Айни дамларда Бош вазир Биньямин Нетаньяху Тель-Авивдаги Кирия мажмуасида (Исроил Мудофаа ва армия вазирлиги штаб-квартираси) АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен билан ёпиқ эшиклар ортида учрашмоқда”, дейилади хабарда.
Кейинроқ уларнинг суҳбати Исроил ҳукумати амалдорлари билан кенгайтирилган учрашувда давом этган. Блинкен Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху ва унинг ҳарбий Вазирлар Маҳкамаси аъзоларига Ғазо сектори атрофидаги вазият туфайли Исроил хавфсизлиги ва унинг дунёдаги ўрни хавф остида қолганини айтган.
Яҳудий давлатига таҳдидлар ҳақида гапирар экан, Америка дипломатияси раҳбари Исроил буни кеч бўлмагунча тушунмаслигидан хавотирда эканини маълум қилган. Унинг қўшимча қилишича, Исроил ҳукумати бирлашган режага муҳтож, акс ҳолда Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракати туфайли Ғазода қолиб кетишади.
Давлат котибига кўра, воқеаларнинг ҳозирги ривожланиши давом этса ҲАМАС Ғазо устидан назоратни сақлаб қолади ёки анархия – бошбошдоқлик ҳолати бошланади, бу эса терроризмнинг кучайишига шароит яратади.
Шунингдек, учрашув давомида Тель-Авивнинг Канада, Австралия ва Янги Зеландия томонидан танқид қилинган Ғазо секторининг Миср билан чегарасидаги Рафаҳ шаҳрида ҳарбий операция ўтказиш режалари ҳам муҳокама қилинган. Учрашув якунида Нетаньяху АҚШ томонидан қўллаб-қувватланмаса ҳам, операцияни амалга оширишдан бош тортмоқчи эмаслигини маълум қилган.
“Рафаҳга кирмасдан ва у ерда қолган батальонларни йўқ қилмасдан туриб, ҲАМАСни енгишнинг иложи йўқ. Мен буни АҚШ кўмагида амалга оширишимизга умид қиламан. Аммо керак бўлса, буни ўзимиз ҳам бажара оламиз”, деган Нетаньяху.
Исроил Бош вазири Тель-Авивга жанглар кетаётган ҳудудлардан тинч аҳолини эвакуация қилиш зарурлигини қўшимча қилган. Унинг сўзларига кўра, Исроил ҳукумати ҳозир бу муаммони ҳал қилиш устида ишламоқда.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 9 январь куни ҳам Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху Тел-Авивдаги Мудофаа вазирлиги мажмуасида АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен билан яккама-якка музокара ўтказган эди, унда Нетаньяху Ғазони фаластинликлардан тозаламасликка сўз берган.