Исроил Халқаро суддан Ғазодаги геноцид бўйича ишдан воз кечишни сўради
Олам
−
12 Январь
8402Исроил Халқаро суддан Жанубий Африканинг “Геноцид жиноятининг олдини олиш ва жазолаш тўғрисида”ги конвенциянинг бузилиши бўйича даъвосини кўриб чиқишдан бош тортишни сўрамоқда. Бу ҳақда суд мажлисида яҳудий давлатини ҳимоя қилувчи адвокат Гилад Ной сўз очди.
“Тақдим этилган далилларни ҳисобга олган ҳолда, Исроил БМТ судидан даъвогар томонидан қўйилган профилактик чоралар талабини рад этишни ва ишни кўриб чиқишдан олиб ташлашни сўрайди”, дейди адвокат.
Исроил делегациясининг суддаги яна бир вакили, Ташқи ишлар вазирлигининг юридик маслаҳатчиси Таль Беккер эса Жанубий Африка "судга чуқур бузилган фактик ва ҳуқуқий расмни тақдим этган"ини иддао қилди.
“Афсуски, судга ишларнинг фактик ва ҳуқуқий ҳолати тўғрисида чуқур бузиб кўрсатилган расм тақдим этилди”, деди Беккер.
“Даъвогар Исроил ўзи бошламаган ва ўзини ХАМАС, Фаластин Исломий Жиҳоди ва шафқатсизлиги чегара билмайдиган бошқа террорчи ташкилотлардан ҳимоя қилаётган уруш контекстида “геноцид” атамасига мурожаат қилди. Геноцид конвенциясининг яхлитлигини, шунингдек, суднинг унинг васийси сифатидаги ролини сақлаб қолиш учун ушбу даъво ва унинг сўрови рад этилиши керак. Чунки у Исроилни мисли кўрилмаган террор ҳужумидан халқаро ҳуқуққа мувофиқ ўзини ўзи ҳимоя қилишдан маҳрум қилишга интилади”, дейди Беккер суд мажлисида.
Шунингдек, адвокат Жанубий Африка даъвосини туҳмат, Исроилни Ғазодаги ҳарбий операцияни тўхтатишга чақириқни эса “виждонсизлик”, деб атаган.
"Исроилнинг Ғазодаги ҳаракатлари одамларни йўқ қилиш эмас, балки уларни ҳимоя қилишга қаратилган. Исроил Фаластин халқига қарши эмас, ҲАМАС билан мудофаа уруши ҳолатида", дея даъво қилади у.
Адвокатнинг фикрича, суд Исроилга эмас, аксинча, “ҲАМАС билан алоқаларни сақлаб қолгани” учун Жанубий Африкага нисбатан вақтинчалик чоралар қўллаши керак.
Маълумот учун, кеча, 11 январь куни Гаагадаги Халқаро судда Жанубий Африка Республикаси даъвоси бўйича Исроилга қарши ишни кўриб чиқиш бошланди. 20 дан ортиқ кишидан иборат Жанубий Африка делегациясига ушбу мамлакат Адлия ва ахлоқ тузатиш хизматлари вазири Роналд Ламола бошчилик қилмоқда.
Исроил Халқаро суднинг юрисдикциясини тан олмаса ва шу пайтгача унинг жараёнлари ёки қарорларини эътиборсиз қолдирган бўлса-да, бу жараёнларда иштирок этмоқда. Исроил делегациясига британиялик ҳуқуқшунос Малкольм Шоу бошчилик қилмоқда.
Суд мажлисининг биринчи кунида Жанубий Африка делегацияси сўзга чиқди. Жанубий Африка вакили ўз нутқида судни Исроилга Ғазодаги ҳарбий амалиётини тўхтатиш, аҳолисининг озиқ-овқат, сув ва гуманитар ёрдамдан фойдаланишини таъминлаш ҳамда халқаро миссияларнинг Ғазога киришига тўсқинлик қилмасликни талаб қилди. Жанубий Африка томони суддан Исроилни вазиятни ёмонлаштирадиган ва суд жараёнини мураккаблаштирадиган ҳар қандай ҳаракатлардан тийилишга мажбурлашни сўради.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Исроилнинг БМТ Халқаро судидаги делегацияси раҳбари, британиялик ҳуқуқшунос Малкольм Шоу яҳудий давлатининг Ғазо секторини доимий равишда босиб олиш ёки аҳолисини кўчириш мақсади йўқлигини айтганди.
LiveБарчаси