Исроил Ғазо секторига ёппасига ҳужум бошланганини эълон қилди
Олам
−
11 Октябрь 2023
7922Исроил Мудофаа вазири Йоав Галант кеча, 10 октябрь мамлакат армияси Ғазо секторига “тўлиқ кўламли ҳужум” бошлаганини айтди. Бу ҳақда “The Times of Israel” хабар берди.
"Мен барча чекловларни олиб ташладим, биз ҳудуд устидан назоратни тикладик ва кенг кўламли ҳужумга ўтяпмиз", деган Галант.
Исроил Мудофаа вазирлиги раҳбари Ғазо билан чегарада жойлашган қўшинларга мурожаати чоғида алоҳида нутқ сўзлади.
"ҲАМАС Ғазода ўзгаришларни хоҳлади ва ҳолат у ўйлаганидан 180 градусга ўзгаради. Улар шу дақиқадан пушаймон бўлишади. Энди Ғазо ҳеч қачон аввалги ҳолига қайтмайди", дея қўшимча қилган Галант.
Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху эса АҚШ Президенти Жо Байденга унинг мамлакати Ғазо секторида ҲАМАСга қарши қуруқликдан операция бошлашдан бошқа чораси йўқлигини айтган.
"Биз ичкарига киришимиз керак. Ҳозир музокара қилиб ўтиришдан фойда йўқ", деган Нетаньяху.
Исроил-Фаластин
Жорий йилнинг 7 октябрь куни эрталаб Ғазо секторидан Исроил ҳудудига ракета ҳужуми бошланди. Кейинчалик ҲАМАС Исроилга қарши “Ал-Ақсо тўфони” ҳарбий операцияси бошлаганини эълон қилди. Исроил Мудофаа кучлари эса бунга жавобан “Темир қиличлар” “аксилтеррор операцияси”ни бошлади.
Шундан сўнг, Бош вазир Биньямин Нетаньяху исроилликларга мурожаат билан чиқиб, мамлакатда содир бўлаётган воқеалар ҳарбий операция эмас, балки тўлақонли уруш эканини айтди. 9 октябрь куни Исроил Мудофаа вазири Йоав Галант Исроил ҳарбийлари Ғазо секторини кенг кўламли блокадага киришаётганини маълум қилди. У Ғазо секторида электр, озиқ-овқат, ёқилғи бўлмаслигини, ҳамма нарса ёпилишини айтди.
Шунингдек, Исроил Ғазо секторидаги Ал-Ярмук, Ал-Эмин Муҳаммад, Аҳмад Ясин, Муҳаммад Эл-Ҳабиб, Эс-Суси ва Ал-Ғарби масжидларига зарба берди. Бу орада Америка Қўшма Штатлари Ғазо сектори атрофидаги кескинлик фонида “Эронни жиловлаш учун” Яқин Шарққа қўшимча 20-25 та F-35 ва F-15 қирувчи самолётларини юбориши маълум бўлди. Германия эса Фаластин ҳудудларидаги гуманитар лойиҳалар учун аввал тасдиқланган маблағларни ажратишни тўхтатди.
Венесуэла Президенти Николас Мадуро эса Исроилни Фаластин халқини қирғин қилишда айблаб, зудлик билан тинчлик музокараларини бошлаш ва Фаластиннинг ҳудудий ҳуқуқларини кафолатловчи БМТ резолюцияларини амалга оширишга чақирди. Россия Президенти Владимир Путин ҳам мустақил суверен Фаластин давлатини яратиш зарурлигини айтиб ўтди. Шунингдек, у Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги қуролли тўқнашувларни АҚШ сиёсати муваффақиятсизлигининг яққол мисоли деб атади. Украина Президенти Владимир Зеленский эса Яқин Шарқдаги бу можародан Россия манфаатдорлигини таъкидлади.
Сўнгги маълумотларга кўра, қуролли тўқнашувлар оқибатида 900 нафар фаластинлик ҳалок бўлган, уларнинг ярмига яқини аёллар ва болалар. Исроил томонидан қурбон бўлганлар эса минг нафарга етган.