Исроил Ғазо марказида ҲАМАС етакчиларининг туннелларини топди
Олам
−
21 Декабрь 2023
8431Исроил мудофаа кучлари Ғазо шаҳри марказида ҲАМАС етакчилари фойдаланадиган кенг туннель тизимини топди. Бу ҳақда кеча, 20 декабрь куни ЦАХАЛ маълум қилди.
Исроил ҳарбийларининг тушунтиришича, асосий ролни ҲАМАС сиёсий ва ҳарбий раҳбариятининг “бошпаналари, штаб-квартиралари ва хонадонларига” бориш учун ерости йўлларидан фойдаланиш мумкин бўлган майдонлардан бири эгаллайди.
"Фаластин майдони" Ғазонинг "элита кварталида" жойлашган бўлиб, у Исроил аскарлари томонидан назоратга олинган. Майдон ҲАМАС ҳарбий қўмондонлиги маркази бўлган ва у штаб-квартираси вазифасини бажарган бинолар, террорчиларнинг туннель шахталари ва ҲАМАСга тегишли стратегик бинолар билан ўралган”, дея таъкидлайди ЦАХАЛ.
Исроил томонининг даъво қилишича, ҳарбий инфратузилма “дўконлар, ҳукумат бинолари, турар-жой бинолари ва кар болалар учун махсус мактаб яқинида” жойлашган.
“Ушбу туннеллар тармоғи Ал-Рантиси ва Ас-Шифа шифохоналари ҳудудидаги ерости инфратузилмаси билан боғланган. Туннеллар лифтлар ва портловчи эшиклар билан жиҳозланган, айрим ҳолларда озиқ-овқат, сув ва энергия инфратузилмаси топилган. Бу ҲАМАС жангариларига узоқ вақт яшириниш имконини беради”, дейилади Исроил армия матбуот хизмати хабарида.
Маълумот учун, бир неча кун олдин Исроил армияси Исроилнинг Ғазо сектори билан чегарасидаги Эрез ўтиш жойидан 400 метр узоқликда жойлашган ва 4 километрдан ошиқ туннель тизимини аниқлаган. ЦАХАЛ маълумотларига кўра, бу ерости тизими шунчалик каттаки, кичик автомобиллар у ерда ҳаракатлана олади.
Туннелларда канализация, ёруғлик, вентиляция ва алоқа воситалари, шунингдек, фойдаланишга тайёр бўлган кўплаб қурол-яроғлар бор.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Исроил Мудофаа кучлари ҲАМАС жойлашган туннель мажмуасига денгиз сувини қуя бошлагани хабар қилинганди.
LiveБарчаси