Исроил Эронга қарши дунёдан ёрдам сўрамоқда
Олам
−
14 Июнь 20655 2 дақиқа
Исроил Мудофаа вазирлиги дунё мамлакатларидан Эрон ҳужумига қарши ёрдам сўради. Бу ҳақда вазирликнинг Х тармоғида хабар берилди.
“Ҳозирда Исроил фуқаролари Эрон режимининг ҳужумига учрамоқда. Дунё жим бўлолмайди”, дейилади вазирлик хабарида.
Кўплаб ОАВлар Исроилнинг бу чиқишини қаттиқ қоралаб, Фаластин воқеаларини эсга олган. Унга кўра, Исроил Фаластинда 100 минглаб болаларнинг ўлимига сабаб бўлди, лекин бу “қотиллиги”ни яширишга ҳаракат қилди.
Эроннинг “Ҳақиқий ваъда-3” операцияси
Кеча, 13 июнь куни Исроил томонидан Эронга қарши амалга оширилган кенг кўламли ҳужумлардан сўнг, Эрон Исроилга қарши ўз жавоб зарбаларини йўллади. Эрон ҳарбий кучлари томонидан Исроил ҳудудига қарата 200 дан ортиқ дрон ва баллистик ракеталар учирилган. Исроил Мудофаа кучлари ушбу зарбаларни тасдиқлаган ва ҳаво мудофаа тизимлари зудлик билан ишга туширилган. ЦАХАЛ расмий баёнотида айтилишича, Исроил ҳаво мудофааси катта миқдордаги ҳужумчи дрон ва ракеталарни тутиб қолишга муваффақ бўлган. Дастлабки маълумотларга кўра, ҳужум оқибатида 5 киши ҳалок бўлган ва 10 дан ортиқ киши жароҳат олган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Исроил Мудофаа вазири Исроил Кац Эрон ҳаддидан ошиб кетгани ва тинч аҳоли бор ҳудудга ракета зарбаси йўллаганини айтганди. Унинг сўзларига кўра, Эрон қизил чизиқларни босиб ўтди.