Исроил бу урушда барчасини тугатмоқчи – “Reuters”
Олам
−
19 Октябрь 2023
21429Исроил мудофаа кучларининг ҲАМАС ҳаракатининг ракета ҳужумларига жавобан Ғазо секторида бошлаган “Темир қиличлар” операцияси шиддатли бўлади. Бироқ Исроил ҳукумати уруш тугаганидан кейин Ғазо сектори билан нима қилиш кераклиги ҳақида ҳали тасаввурга эга эмас. Бу ҳақда минтақавий ва Ғарб расмийларига таяниб, “Reuters” агентлиги хабар берди.
АҚШ ва Яқин Шарқ етакчилари ўртасидаги музокаралардан хабардор бўлган учта минтақавий расмийнинг айтишича, Исроил амалиёти Ғазо сектори инфратузилмасини, жумладан, ҲАМАС томонидан яратилган ер ости туннелларини йўқ қилиш, шунингдек, ҳаракат аъзоларининг ўзини нишонга олишдан иборат.
Исроил расмийлари урушдан кейинги келажак қандай бўлиши ҳақида аниқ тасаввурга эга эмаслигини айтган.
“АҚШ Президенти Жо Байденнинг баъзи ёрдамчилари Исроил ҲАМАСга узоқ муддатли зарар етказиш бўйича самарали режа ишлаб чиқиши мумкин бўлса-да, ҳали чиқиш стратегиясини ишлаб чиқмаганидан хавотирда”, дейди Вашингтондаги масаладан хабардор манба.
Давлат котиби Энтони Блинкен ва Мудофаа вазири Ллойд Остин ўтган ҳафтада Исроилга қилган сафарларида Ғазо учун урушдан кейинги режага эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлаган.
Карнеги халқаро тинчлик жамғармасининг Яқин Шарқ бўйича эксперти Эрон Дэвид Миллернинг айтишича, Байденнинг ташрифи унга Исроил етакчиси Биньямин Нетаньяхуни кучдан мутаносиб фойдаланиш ва Ғазо учун узоқ муддатли режалар каби масалаларни ўйлаб кўришга мажбурлаш имкониятини берган.
Араб расмийлари эса Исроил 2006 йилдан бери ҲАМАС томонидан бошқариладиган ва 2,3 миллион аҳоли истиқомат қиладиган анклавнинг келажаги учун аниқ режа тузмаганидан хавотирда.
"Исроилнинг Ғазо учун якуний ўйини йўқ. Уларнинг стратегияси минглаб бомба ташлаб, ҳамма нарсани йўқ қилиш ва ичкарига кириш, лекин кейин нима қилиш керак? Уларнинг кейинги кун учун чиқиш стратегияси йўқ", дейди минтақавий хавфсизлик манбаларидан бири.
Исроил президенти Ицхак Герцог эса 12 октябрь куни Исроилнинг барча операциялари халқаро қонунларга мувофиқ режалаштирилганини айтган. Унинг сўзларига кўра, мамлакатнинг ҳарбий жиноятларда иштирок этиши ҳақидаги айбловлар “контекстдан бутунлай чиқариб ташланган”.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь