Исроил Байрут жанубига беш марта ҳаво ҳужуми уюштирди
Олам
−
23 Октябрь
1817Исроил охирги кунларда ҳужумларини кучайтирган Ливан пойтахти Байрутга яна беш марта ҳаво ҳужуми уюштирди. Бу ҳақда Ливаннинг расмий ахборот агентлиги NNA хабар берди.
Қайд этилишича, Баҳман шифохонаси рўпарасидаги бино ҳаво ҳужуми нишонига олинган ва тиббиёт муассасаси жиддий зарар кўрган. Самолёт Харат-Ҳорейк кварталига иккита, Райя стадиони ва Ал-Қаим мажмуасига яна учта зарба берди.
Исроил армияси матбуот котиби Авихаи Адраи 22 октябрь оқшомида “эвакуация қилиш зарурлиги ҳақида огоҳлантирувчи” тўртта харитани эълон қилди.
Маълумот учун, Исроил-Ливан чегарасида Исроил армияси ва “Ҳизбуллоҳ” ўртасида тўқнашувлар 2023 йил 8 октябрдан бери давом этмоқда. 2024 йил 23 сентябрда Исроил ҳаво кучлари Ливан жанубидаги шаҳарлар, шунингдек, Бекаа водийси ва Баалбек шаҳрига юзлаб зарбалар берди.
Ливан Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, 2023 йил 8 октябрдан буён жами 2546 киши ҳалок бўлган, улардан 194 нафари аёл ва 104 нафари болалар, яна 11.862 нафари жароҳатланган.
27 сентябрь куни Исроил армиясининг Байрутга берган зарбаси оқибатида “Ҳизбуллоҳ” бош котиби Ҳасан Насрулло ҳалок бўлди. “Ҳизбуллоҳ” Исроилга ракета ҳужумлари билан жавоб қайтарди ва асосан ҳарбий базаларни нишонга олади.
Исроилнинг Ливандаги бомбардимонлари ортидан юз минглаб одамлар уй-жойини тарк этди. Мамлакатнинг жанубий вилоятларида Байрутга ва мамлакат шимолига миграция тўлқини давом этмоқда. Ливан ҳукуматининг маълум қилишича, 486 мингдан ортиқ одам ўз уйларини ташлаб Сурияга йўл олган.