Исроил АҚШнинг гапига кириб, Ғазодан қўшинларини олиб чиқяпти – “Politico”
Олам
−
04 Январь
9896Америка маъмурияти Исроил қўшинларининг бир қисмини Ғазо секторидан олиб чиқиб кетаётганини Тель-Авив Вашингтоннинг маслаҳатини олиб, пастроқ интенсивликдаги операцияларга ўтаётганининг белгиси сифатида қабул қилмоқда. Бу ҳақда америкалик уч амалдорга таяниб, “Politico” газетаси хабар берди.
Нашрнинг аноним суҳбатдошларига кўра, АҚШ расмийлари Исроилнинг бу ҳаракатидан сўнг “енгил нафас олмоқда”. Уларнинг қайд этишича, Вашингтон бу ҳаракатни Исроил кенг кўламли бомбардимонлардан узоқлаша бошлагани ва аниқроқ зарбалар беришга интилаётганининг белгиси сифатида кўрмоқда.
"Биз ҳозир кўраётган нарса – бу ўтиш даврининг бошланиши", дейди расмийлардан бири.
Унинг сўзларига кўра, Америка маъмурияти бу ўзгаришларни олқишлайди, бироқ олдинроқ Исроил шу тактикадан фойдаланганда фаластинлик тинч аҳоли орасида қурбонлар сони бу даражада кўпаймасди.
Маълумот учун, 1 январь куни Исроил Мудофаа кучлари матбуот котиби Даниэль Ҳагари Исроил 2024 йилга мўлжалланган армия захирасининг ротацияси доирасида шу ҳафта Ғазо секторидан икки резервист бригадасини олиб чиқиб кетишини эълон қилганди.
Эслатиб ўтамиз, 2 январь куни АҚШ сенатори Берни Сандерс Исроилнинг Ғазодаги уруши учун ҳукуматдан бошқа маблағ ажратмасликни сўраганди. АҚШ Давлат департаменти эса Исроил вазирларининг фаластинликларни Ғазодан ташқарига жойлаштириш ҳақидаги баёнотларини танқид қилди.
LiveБарчаси