Исроил ҳужумида 5 нафар ҲАМАС аъзоси ҳалок бўлди. Қурбонларнинг умумий сони эса 300 дан ошди
Олам
−
18 Март 2616 2 дақиқа
Исроил Ғазо секторида ҳарбий амалиётларини қайта бошлаганидан сўнг ҲАМАС ҳаракатининг беш нафар расмийси ҳалок бўлди. Бу ҳақда “Al Arabiya” хабар берди.
Маълум қилинишича, қурбонлар орасида Ғазо ҳукуматининг амалдаги Бош вазири Иссам ал-Далис ҳам бор.
Хабарга кўра, Исроил ҳужуми оқибатида Ғазодаги Ички ишлар вазири ўринбосари Маҳмуд Абу Ватфа, бригада генерали Бахжат Ҳасан Абу Султон, Адлия вазири ўринбосари Аҳмад Умар Ал-Хатта ва ҲАМАС сиёсий бюроси аъзоси, фавқулодда вазиятлар қўмитаси раҳбари Абу Убайда ал-Жамаси ҳам ҳалок бўлган.
ҲАМАС вакиллари Исроилнинг ушбу ҳаракатларини келишувга умуман зид экани, ҳаракат эса келишув шартларига тўлиқ риоя қилаётганини билдирган.
Ғазодаги Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, Исроил Ғазо секторига йирик зарбаларни қайта бошлагани оқибатида камида 326 киши ҳалок бўлган. Ҳалок бўлганларнинг жасадлари маҳаллий шифохоналарга етказилган, бироқ вайроналар остида ҳали ҳам кўп одамлар қолмоқда. Қутқарув ишлари давом этмоқда.
Вазирлик 440 дан ортиқ жароҳат олгани, жумладан, айримларининг аҳволи оғирлиги ҳақида хабар берган эди.
Ғазо маъмуриятига кўра, Исроил кучлари тинч аҳоли яшайдиган ҳудудларни, жумладан, чодирлар, мактаблар ва тураржой биноларини ўққа тутган.
“Зарбалар Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху ва Мудофаа вазири Исроил Кацнинг буйруғи билан амалга оширилган”, дея хабар беради Исроил Бош вазири идораси.
Маълумот учун, Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги сулҳ 19 январь куни кучга кирган эди. Ушбу кўп босқичли келишувнинг биринчи босқичи Ғазога йирик миқдорда гуманитар ёрдам етказиш, Исроил қўшинларини зич аҳоли пунктларидан олиб чиқиш ва асирларни маҳбусларга алмаштиришни кўзда тутган. Биринчи босқич муддати март ойида якунланди.
2 март куни АҚШ Президентининг махсус вакили Стив Уиткофф томонларга янгиланган келишув лойиҳасини тақдим этди. Исроил дарҳол АҚШ ташаббусини қабул қилди. ҲАМАС эса бу ташаббусни қатъиян рад этди ва аввалги келишувларга риоя қилишни давом эттиришини билдирди. Аммо шундан сўнг, Исроил ҲАМАС ушбу шартларга розилик билдирмаса, ҳарбий ҳаракатларни қайта бошлаши билан таҳдид қилди. Шундан сўнг, Миср ҳам Исроил ва ҲАМАСга Ғазо секторида 60 кунлик сулҳ, гаровга олинган қолган исроилликларни озод қилиш ва урушни тўхтатиш бўйича музокараларни бошлашни ўз ичига олган янги келишув таклифларини тақдим этди.