Исроил ҳаво ҳужумлари ортидан минглаб одамлар Ливанни тарк этмоқда

Олам

image

Ливанда давом этаётган Исроил ҳаво ҳужумлари фонида минглаб одамлар Ливанни тарк этиб, Сурия томон кетмоқда. Бу ҳақда бугун, 24 сентябрь куни DPA агентлиги хабар берди.

Чегара хизмати расмийсининг агентликка айтишича, одамлар Сурия чегарасига Бекаа водийси ва Ливан шарқидаги бошқа ҳудудлардан келишмоқда.

“Гап асосан Сурияда турмуш ўртоғи ёки бошқа қариндошлари бўлган ливанликлар ҳақида кетмоқда”, дейди Маснаа чегара постидаги нашр суҳбатдоши.

Агентлик маълумотларига кўра, ҳозир Ливанда 1,5 миллион суриялик қочқин ва бошқа сурияликлар истиқомат қилади. “Associated Press” агентлигига кўра, Байрут ва қирғоқ бўйидаги Сидон шаҳрида жанглар оқибатида уйларини ташлаб кетишга мажбур бўлган ливанлик оилалар мактабларга жойлаштирилди. Айни пайтда меҳмонхоналар нархларни шунчалик кўтарганки, кўп оилалар хона топа олмай, машиналарида ухлашга мажбур бўлмоқда.

Ливан давлат Миллий ахборот агентлигига кўра, Байрутдан 65 км шимоли-шарқда жойлашган Баалбек шаҳрида новвойхоналар ва газ баллонларини тўлдириш станциялари олдида навбатлар ҳосил бўлган. AP хабарига кўра, минглаб ливанликлар Яқин Шарқдаги можаролар авж олгани сабабли мамлакат жанубий вилоятларини тарк этмоқда.

24 сентябрь куни тушдан кейин Исроил Байрутга навбатдаги ҳаво ҳужумини амалга оширди. AP маълумотларига кўра, деярли 560 киши ҳалок бўлган. Ушбу қурбонларнинг қанчаси “Ҳизбуллоҳ”га алоқадор экани номаълум.

“The Times of Israel” интернет-нашрининг ҳарбий доиралардаги манбаларига таяниб ёзишича, ЦАХАЛнинг Байрутга берган зарбаси нишони “Ҳизбуллоҳ” ракета бўлинмаси қўмондони бўлган. Унинг тақдири ҳозирча номаълум.

Аввалроқ Исроил ҳарбийлари Ливан ҳудудидан Исроилнинг шимолий ҳудудлари томон 55 дан ортиқ ракета учирилгани ҳақида хабар берган эди.

AP хабарига кўра, Исроил танклари ва артиллерияси Ливан чегараси яқинидаги нишонларни ҳам ўққа тутди. Исроил ҳаво ҳужумларидан жабрланган жанубий Ливаннинг майдони 1700 квадрат километрни ташкил этди.

Исроил ҳукумати мамлакат бўйлаб фавқулодда ҳолат жорий этди, бу камида 30 сентябргача давом этади. Ўз навбатида, “Ҳизбуллоҳ” 24 сентябрга ўтар кечаси ва ўша куни эрталаб Исроилдаги саккизта нишонга, жумладан, Ливан билан чегарадан 60 км узоқликда жойлашган Зихрон Яаков шаҳридаги портловчи моддалар заводига ракеталар билан ҳужум қилганини маълум қилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Исроил Ливан

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made