Исроил ҳарбийлари хорижий дипломатларни ўққа тутди (видео)
Олам
−
22 Май
12420Кеча, 21 май куни Исроил армияси (ЦАХАЛ) аскарлари Ғарбий Соҳилдаги Женин қочқинлар лагери яқинида расмий ташриф билан бўлиб турган дипломатик делегацияга қарата огоҳлантирувчи ўқ узди. Мазкур ҳолат эса кескин равишда халқаро норозиликларга сабаб бўлди. Бу ҳақда CNN хабар берди.
Телеканал хабарига кўра, ҳодиса пайтида Европа ва араб мамлакатларидан иборат йирик делегация Женин лагери яқинида бўлиб, у ерда юзага келган гуманитар вазият билан танишаётган бўлган. Ташрифда 20 дан ортиқ давлат вакиллари, жумладан Буюк Британия, Франция ва Канада иштирок этган.
Интернетда тарқалган видеоларда дипломатик делегация лагерь дарвозасидан узоқлашаётган вақтда Исроил аскарлари камида етти маротаба ўқ узгани акс этган. Шунингдек, видеолавҳаларда делегация аъзоларидан бири одамларни деворга яқин туришга чақирганини ҳам кўриш мумкин.
“Бу жинояткорона ҳужум учун Исроилнинг босқинчи ҳукуматини тўлиқ ва бевосита жавобгар деб ҳисоблаймиз. Бундай ҳаракатлар жазоланишсиз қолмайди” дея баёнот берди Фаластин Ташқи ишлар вазирлиги.
Исроил томони эса воқеа юзасидан дастлабки тергов бошланганини билдирган ва делегация рухсат берилмаган ҳудудга киргани, шунинг учун аскарлар огоҳлантирувчи ўқ узишга мажбур бўлганини таъкидлаган. Исроил армияси, шунингдек, тегишли мамлакатлар билан тергов натижалари юзасидан алоқага чиқишини ва юзага келган ноқулайликлар учун афсусдалигини маълум қилган.
Бироқ БМТнинг Ғарбий Соҳилдаги агентлиги директори Роланд Фридрих Исроил армиясининг изоҳларини инкор этиб, уларни етарлича жиддий деб топмаслигини айтган.
“Бу ҳодиса Исроил хавфсизлик кучлари томонидан ортиқча куч ишлатилиши ва фуқаровий шахсларга нисбатан бепарволик билан ёндашилаётганининг яна бир оғриқли исботидир”, деган у.
Европа Иттифоқининг Ташқи алоқалар бўйича вакили Кая Каллас ҳам бундай ҳолатни кескин қоралаган.
“Дипломатларнинг ҳаётига хавф солувчи ҳар қандай ҳаракатни қабул қилиб бўлмайди. Биз Исроилдан бу ҳодисани тергов қилишни ва айбдорларни жавобгарликка тортишни талаб қиламиз”, деган у.
Шунингдек, Италия, Испания, Франция ва Канада ТИВлари Исроил элчиларини чақиртириб, расмий тушунтириш сўраган. Канада Бош вазири Марк Карни бу ҳақда Оттавада бўлиб ўтган матбуот анжуманида баёнот берган.
“Бу мутлақо қабул қилиб бўлмайдиган ҳолат. Бу минтақада содир бўлаётган кўплаб бошқа қабул қилиб бўлмас ҳодисалардан биридир”, деган у.
Ирландия, Белгия, Словения, Португалия, Германия, Нидерландия, Норвегия, Дания ва Буюк Британиянинг расмий вакиллари ҳам Исроилнинг ҳаракатини қоралаган. Бундан ташқари, Иордания, Миср, Туркия ва Қатар Ташқи ишлар вазирликлари ҳам ҳодисани кескин танқид қилган.
“Дипломатлар ҳаётини хавф остига қўйган бу ҳужум Исроил томонидан халқаро ҳуқуқ ва инсон ҳуқуқларига мунтазам беписандлик кўрсатилаётганининг навбатдаги исботидир”, дейилади Туркия ТИВ баёнотида.
Эслатиб ўтамиз, мазкур ҳолат Ғарб Исроилнинг Ғазога гуманитар ёрдамнинг тўсиб қўйиши оқибатида яҳудий ҳукуматига босим қилаётган фонда юз берди. Хусусан, аввалроқ Буюк Британия, Франция ва Канада Исроилнинг Ғазо секторига ҳарбий ҳужуми ва инсонпарварлик ёрдамини етказишдаги чекловлари сабаб кескин чоралар кўриш билан таҳдид қилганди.
Шунингдек, Буюк Британия бошқа давлатлар билан Исроил Вазирлар Маҳкамасининг баъзи муҳим аъзоларига Ғарбий Соҳилда Фаластин ҳуқуқларини поймол қилгани учун санкциялар киритиш режаларини ишлаб чиқаётгани хабар қилинганди.
LiveБарчаси