Британия Исроил Мудофаа ва молия вазирларига санкция жорий қилиши кутилмоқда
Олам
−
21 Май
2302Буюк Британия бошқа давлатлар билан Исроил Вазирлар Маҳкамасининг баъзи муҳим аъзоларига Ғарбий Соҳилда Фаластин ҳуқуқларини поймол қилгани учун санкциялар киритиш режаларини ишлаб чиқмоқда. Бу ҳақда “Times” газетаси хабар берди.
Унинг сўзларига кўра, қора рўйхатга, жумладан, яҳудий давлати молия вазири Бецалель Смотрич, Мудофаа вазири Исроил Кац ва миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен-Гвир ҳам кириши мумкин.
Кеча, 20 май куни Лондон аллақачон етти нафар исроиллик жисмоний ва юридик шахсларга қарши санкциялар жорий қилган эди. Буюк Британияга киришни тақиқлаш ва активларни музлатишни ўз ичига олган чекловлар босиб олинган Фаластин ҳудудларида яшовчи Зоҳар Сабаҳ, Ҳарел Девид Либи ва Даниэлла Вейсга ҳам татбиқ этилди. Лондон уларни таҳдид қилиш ва фаластинликларга қарши тажовузкор ҳаракатлар ва зўравонлик қилишда айблади. Чекловлар Ғарбий Соҳилдаги Нерия ва Кокос аҳоли пунктларига, Nachala (таҳр. – радикал исроиллик кўчманчилар ташкилоти – у ёш кўчманчиларга ёрдам беради ва Ғарбий Соҳилда Исроилнинг янги ноқонуний пунктларини қуради) аҳоли пункти ташкилотига ва Libi қурилиш ва инфратузилма компаниясига ҳам таъсир кўрсатди.
Кейинроқ Британия Исроилнинг Ғазо секторидаги янги ҳарбий амалиёти туфайли Исроил билан эркин савдо келишуви бўйича музокараларни тўхтатганини эълон қилди.
18 май куни Исроил “Гидён аравалари” янги кенг кўламли қуруқлик амалиёти доирасида Ғазо шимоли ва жанубида кенгайтирилган ҳарбий амалиётлар бошланганини эълон қилди. 19 май куни БМТ Исроил расмийлари ташкилотга Ғазо секторига гуманитар ёрдам етказишни тиклашга рухсат берганини тасдиқлаб, анклавга тўққизта юк машинаси киришига рухсат олинганини маълум қилди. Шу билан бирга, Фаластин анклав ҳукумати матбуот маркази аҳолининг энг асосий эҳтиёжларини қондириш учун ҳар куни Ғазо секторига 500 га яқин юк машинаси инсонпарварлик ёрдами билан келиши кераклигини таъкидлади.
LiveБарчаси
17 Июнь