Исроил ҲАМАС қўмондони Муҳаммад Дейф ўлдирилганини эълон қилди

Олам

image

Исроил армияси ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти раҳбари Муҳаммад Дейф ўлдирилганини тасдиқлади. Бу ҳақда CNN хабар берди.

Дейфнинг ўлими Эрон пойтахти Теҳронда ҲАМАС сиёсий бюроси раҳбари Исмоил Хония ўлдирилганидан бир кун ўтиб тасдиқланди. Билдирилишича, Дейф жорий йилнинг 13 июль куни Ғазо жанубидаги Хон Юнус шаҳри яқинидаги ҳужумда ҳалок бўлган. Исроил ҳарбийлари ўшанда ҲАМАС бўлинмаларидан бирининг қўмондони Рафа Саламанинг зарбада ҳалок бўлганини айтган, бироқ Дейфнинг тақдири бўйича якуний тасдиққа эга эмаслиги билдирилганди.

Исроиллик ҳарбий амалдорнинг CNN телеканалига айтишича, улар сўнгги соатларда янги разведка маълумотларига эга бўлган, бу уларга Дейф Хон Юнусга зарба берилганидан қарийб уч ҳафта ўтиб ўлдирилганини тасдиқлашга ишонч билдирган.

Маълумот учун, Дейф 1960 йилда Хон Юнус қочқинлар лагерида туғилган, деб тахмин қилинади. Унинг асл исми Муҳаммад Диаб Иброҳим ал-Масри бўлган. У кейинчалик Исроил томонидан таъқиб қилинмаслик ва ўлдириб кетилмаслик учун ўнлаб йиллар давомида ҳар кеча турли уйларда қолиш одати туфайли “Эл Деиф” ёки “Меҳмон” номи билан машҳур бўлган. Дейф ўнлаб йиллар давомида Исроил қидираётган одамлар рўйхатининг бошида эди. АҚШ ҳам, Европа Иттифоқи ҳам уни “қора рўйхат”га киритган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Теҳронда ҲАМАС сиёсий бюроси раҳбари Исмоил Хония ўлдирилгани хабар қилинганди. АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен эса Хониянинг ўлимида АҚШнинг алоқаси йўқлигини айтди.

 


Мақола муаллифи

Теглар

Эрон Исроил ҲАМАС Муҳаммад Дейф

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг