Испаниялик аёл 500 кун ғорда яшаб, рекорд ўрнатди
Бу қизиқ
−
14 Апрель 2023
7839Испаниялик 50 ёшли альпинист аёл дунёдан ажралган ҳолда, 500 кун ғорда яшаб, жаҳон рекордини ўрнатди. Бу ҳақда “Associated Press” хабар берди.
Қайд этилишича, аёл 2021 йилнинг 21 ноябрида рекорд ўрнатиш учун Испания жанубида жойлашган ер остидаги 70 метрли ғорга кириб кетган. У сўнгги 500 кунни айнан ўша ғорда ўтказади.
Маълумотларга кўра, ундан аввалги рекорд италиялик Маурицио Монталбинига тегишли бўлиб, у 1987 йилда 210 кун ғорда яшаган. Бошқа манбада эса 2016 йилда сербиялик альпинист 460 кундан ортиқ ер остида бўлгани айтилади.
Рекордчи аёл ғорда яшаган вақтини иккита камера ёрдамида суратга туширган. У камера ёзувларини ғорнинг алмашув нуқтасига қўйган ва шериклари у ерга ташлаб кетган егулик ва бошқа керакли нарсаларни олган. Аёл вақтни ўтказиш учун китоб ўқиш, расм чизиш, тўқувчилик ҳамда бошқа юмушлар билан шуғуллангани, 60 кундан сўнг ташқарига чиқишга қолган вақтни ҳисоблашни тўхтатганини сўзлаб берган.
Бу вақт давомида у дунёдаги воқеалардан мутлақо бехабар бўлган ва энг қизиғи, Россиянинг Украинага бостириб кирганини ҳам билмаган.