Испанияда жазирама туфайли камида 900 киши ҳалок бўлди

Олам

image

Испанияда жорий йилнинг июнь ойида кузатилган иссиқ ҳаво фонида камида 900 киши вафот этди. Бу ҳақда мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ўлим ҳолатларини ҳар кунлик мониторинг қилиш тизимининг дастлабки маълумотларига таяниб, “El Pais” хабар берди.

Нашрнинг қайд этишича, 2026 йилнинг июнь ойи Испанияда 1961 йилдан буён олиб борилаётган метеокузатувлар тарихидаги иккинчи энг иссиқ июнь бўлган. AEMET давлат метеорология агентлиги ўтган ойни “ўта иссиқ” деб таснифлаган. Бунда кузатувлар тарихидаги энг иссиқ давр бўлиб 2025 йилнинг июнь ойи қолмоқда.

“Шу йилнинг июнь ойида Испанияда юқори ҳарорат туфайли 900 га яқин киши вафот этди, улардан 623 нафари аномал иссиқлик кузатилган ҳафтада ҳаётдан кўз юмди”, дейилади хабарда.

Газета маълумотларига кўра, ўтган ой иссиқ об-ҳаво туфайли юзага келган ўлим ҳолатлари сони бўйича ҳам иккинчи ўринни эгаллаган. Энг кўп ўлим ҳолати 2017 йилда қайд этилган бўлиб, ўшанда 1 мингта ҳолат кузатилган. Бу борадаги кузатувлар 2015 йилдан буён олиб борилади.

Маълумот учун, жорий йил июнь ойининг ўрталарида Европада аномал иссиқ об-ҳаво кузатила бошланди. Қатор мамлакатларда ҳаво ҳарорати 40 даражагача кўтарилмоқда, баъзи жойларда эса ундан ҳам ошиб кетди. Об-ҳаво хавфлилигининг энг юқори – “қизил” даражаси Франция, Буюк Британия, Нидерландия ва Италияда жорий этилган. 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Францияда рекорд даражадаги иссиқ тўлқини оқибатида қарийб 1000 та ўлим ҳолати қайд этилгани ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг