Испания ЕИ истагига қарши чиқиб, Фаластин давлатини тан олмоқчи
Олам
−
25 Ноябрь 2023
7513Испания Европа Иттифоқи истакларига қарши бўлса ҳам Фаластин давлатини тан олиши мумкин. Бу ҳақда мамлакат Бош вазири Педро Санчес маълум қилди.
“Халқаро ҳамжамият ва Европа Иттифоқи Фаластин давлатини бутунлай тан олишининг вақти келди”, дейди Педро Санчес.
Унинг айтишича, ЕИ давлатлари биргаликда шундай қарорга келиши керак. Бироқ, агар Европа Иттифоқи рад этса, Испаниянинг ўзи бу қарорни қабул қилади.
Испания Ташқи ишлар вазирлиги ҳам Фаластинни зудлик билан тан олиш кераклигини билдирган.
“Фаластин давлатининг мавжудлиги Яқин Шарқда тинчликнинг энг яхши кафолати бўлади”, деб ишонтирган ТИВ раҳбари Хосе Мануэль Альбарес.
Бундан ташқари, Испания таркибидаги Каталония Исроил билан муносабатларни тугатишини эълон қилган. Қайд этилишича, бу Фаластин халқининг асосий ҳуқуқлари БМТ резолюцияларига мувофиқ кафолатланмагунча, шунингдек, доимий сулҳга эришилгунга қадар давом этиши режалаштирилган.
Маълумот учун, Педро Санчес Бош вазир этиб қайта сайланганидан кейин илк хорижий сафарини 23 ноябрь куни Исроил ва Фаластинга қилган. У ташрифини бельгиялик мавқедоши Александр Де Кру билан бирга амалга оширди. Сиёсатчилар Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху, шунингдек, Фаластин раҳбари Маҳмуд Аббос билан учрашди. Санчес Нетаняьхуга, агар Фаластин давлатини яратиш билан боғлиқ можарони ҳал қилиш бўйича музокаралар қайта бошланмаса, Испания қироллиги ҳукумати Фаластинни тан олиши ҳақида маълумот берган.
Қайд этиш жоизки, Испания ҳозирда Европа Иттифоқи Кенгашига раислик қилмоқда ва январ ойида унинг ўрнини Бельгия эгаллайди.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Испанияда вазият ижобий томонга ривожланаётганини айтиб, тез орада Бош вазир Педро Санчес билан учрашишини билдирганди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь