Ислом Каримов нега 9 майни Хотира ва қадрлаш куни деб эълон қилган? (видео)
Бу қизиқ
−
09 Май 2022
36914Ўзбекистонда 1999 йилдан бери 9 май – Иккинчи жаҳон урушида Германия мағлуб этилган ва Ғарбий фронтда уруш тугаган кунда Хотира ва қадрлаш куни нишонлаб келинади. Бу кунни шундай номлаш ташаббуси Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримовдан чиққан.
Ислом Каримов 1999 йил 9 май куни нутқ сўзлаб, тарихий санага нега айнан Хотира ва қадрлаш куни деб ном берилганини тушунтирган. Ислом Каримов фонди тарихий нутқ ёзиб олинган кадрларни эълон қилди.
“Биз нима учун 9 май байрамини Хотира ва қадрлаш куни деб эълон қилдик? Хотира деганда биз бу фоний дунёда ўтган аждодларимизни эслаш, уларнинг чироғини ёқиб, эзгу ишларини давом эттиришни тушунамиз. Бу халқимизга хос азалий фазилатдир. Хотираси бўлмаган, тарихни унутган, ўз аждодларининг қадрига етмайдиган миллатнинг истиқболи йўқ. Бу ҳақиқатни кишилик тарихи исботлаб турибди. Қадрлаш дегани бу – асрлар давомида она диёримизни, халқимизнинг озодлик ва истиқлолини, эркин ва фаровон ҳаётини мардлик ва шижоат билан ҳимоя қилган фидойи ватандошларимизни ёдга олмоқ, уларга муносиб ҳурмат ва эҳтиром кўрсатмоқдир”, деган Ислом Каримов.
Маълумот учун, Ўзбекистон Президентининг 1999 йил 2 мартдаги фармони билан 9 май – Хотира ва қадрлаш куни деб эълон қилинган.