Ислом Каримов ҳақида илк спектакль қўйилди. Каримов ролини ким ижро этди? (видео)

Жамият 36627

Аввалроқ, Ислом Каримов илмий-маърифий мажмуасида Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг фаолиятига бағишланган “Олов тутган одам” номли асар тақдимоти ўтказилгани ҳақида хабар берган эдик. Ислом Каримов номидаги республика хайрия жамоат фонди томонидан нашр этилган мазкур китоб ёзувчи Луқмон Бўрихон қаламига мансуб. Тақдимот маросимида Ислом Каримовнинг рафиқаси Татьяна Каримова, маданият ва санъат, адабиёт оламининг таниқли вакиллари, журналистлар иштирок этди. 

Мазкур бадиий асарда Ислом Каримовнинг 1986-1989 йилларда Қашқадарё вилоятидаги раҳбарлик даври, “ўзбек иши”, “пахта иши” деб аталган кампания авж олган йилларда республикадаги ижтимоий-иқтисодий вазият, миллий мустақиллик ғоясининг туғилиши, шунингдек, Ислом Каримов Ўзбекистон компартияси Марказий қўмитасининг биринчи котиби лавозимига тайинлангунга қадар рўй берган, ҳам Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти учун, ҳам бутун мамлакат учун ҳал қилувчи аҳамият касб этган воқеалар қаламга олинган.

“Маълумки, ўтган асрнинг 80-90-йилларида собиқ Иттифоқ ўз умрининг ўта танг, таҳликали даврини бошидан кечирарди. Бу нохуш ҳолни ижтимоий-иқтисодий ҳаётнинг барча тармоқларида кузатиш мумкин эди. Бир сўз билан айтганда, улкан империя парчаланиш арафасида эди. Ўша машъум йиллар, айниқса, Ўзбекистон Республикаси бошига оғир, азобли ташвишлар олиб келди. Халқимизга маломат тошлари отилди. Ўзбекистонда порахўрлик, кўзбўямачилик, хиёнат, боқимандалик каби қатор жиноятлар илдиз отган деган баҳона остида Марказ томонидан бу ерга гуруҳ-гуруҳ “адолатпеша амалдорлар”, тафтишчилар, терговчилар юборилди. “Ўзбек иши”, “пахта иши” деган ҳақоратомуз иборалар пайдо бўлди. Оқибатда, юзлаб, минглаб юртдошларимиз ноҳақдан-ноҳақ қамоққа ташланди, қувғин қилинди. Эл-улусда тушкунлик, ишончсизлик, умидсизлик кайфияти устувор эди. Луқмон Бўрихоннинг “Олов тутган одам” романида худди шу давр, худди шу ижтимоий ҳолат маҳорат билан очиб берилган.

Ёзувчи Луқмон Бўрихон Ислом Каримов сиймосини бадиий адабиётга олиб кираркан, одатда, шу тоифадаги асарларда кўп учрайдиган баландпарвозликдан қочади. Ёзувчи бош қаҳрамоннинг сиёсий-ижтимоий портретини бўрттириб кўрсатишдан кўра унинг инсонийлик қиёфасини чизишга, одамийлик фазилатларини тасвирлашга ҳаракат қилади. Романда Ислом Каримов юрт қисмати билан боғлиқ залварли юкни елкасига олган улкан шахс, салоҳиятли раҳбар тимсолида кўриниши баробарида унинг ҳамдардликка, дилкашликка мойил инсон эканига гувоҳ бўламиз”, дея роман ҳақидаги мулоҳазалари билан ўртоқлашди атоқли адабиётшунос олим, “Ўзбеккино” Миллий агентлиги бош директорининг биринчи ўринбосари Шуҳрат Ризаев.

“Қашқадарё вилоятидаги фаолият Ислом Каримовнинг салоҳиятли раҳбар, етук сиёсатчи бўлиб шаклланишида муҳим аҳамият касб этди. Ислом Абдуғаниевич оддий халқ орасида, таъбир жоиз бўлса, тиғиз воқеалар гирдобида қолди. Ўша даврнинг муҳтожлик, зулм-зўравонлик ва мушкулотларини қалбан ҳис этди. Вилоятни қолоқлик ва қашшоқлик ботқоғидан қутқариш учун астойдил ҳаракат қилди. Ислом Абдуғаниевич томонидан халқнинг миллий ўзлигини тиклаш, мустақил Ўзбекистон пойдеворини бунёд этиш йўлидаги кенг кўламли саъй-ҳаракатлар айнан Қашқадарёда бошланган, десак янглишмаган бўламиз. Мен “Олов тутган одам” романимнинг дастлабки қисмида айни шу жараённи ёритишга ҳаракат қилдим”, дейди роман муаллифи Луқмон Бўрихон.

Муаллиф китобни ёзишда турли тарихий манбалар ҳамда қаламга олинган воқеаларни ўз кўзи билан кўрган қашқадарёликларнинг шоҳидликларига таянган.

Китоб сентябрь ойи ўрталарида “Китоб олами”, “Шарқ зиёкори” ва Book.uz дўконларида сотувга чиқади. Янги китоб, шунингдек, мамлакатимиз кутубхоналари ва олий ўқув юртларига тақдим этилади.

 

Тақдимот маросимида Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг рафиқаси Татьяна Каримова, Ўзбекистон халқ артисти Ёдгор Саъдиев, “Ўзбекистон овози” газетаси Бош муҳаррири Сафар Остонов нутқ сўзладилар.

Тадбир сўнггида Муқимий номидаги мусиқали драма театри актёрлари янги асар асосида кичик спектаклни намойиш этилди. Таъбир жоиз бўлса, тарихда илк бор саҳнада Президент Ислом Каримовнинг образи яратилди. Унда ролларни актёрлар Турғун Бекназаров, Фаррух Рустамов, Илёсхон Иброҳимов, Бахром Болтоев ижро этган. Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов ролини ижро этиш эса актёр Азизхон Латиповга насиб этди. 

Тақдимот маросимининг тўлиқ видеосини QALAMPIR.UZ’нинг YouTube’даги саҳифасида томоша қилишингиз мумкин

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 641
Рейтинг: 4.1
Будьте в курсе событий!
×
×