Ислом бирдамлиги ўйинлари: Ўзбекистон медаллар сони бўйича Эронни қувиб ўтди

Спорт 19030
image

Туркиянинг Конья шаҳрида бўлиб ўтаётган V Ислом бирдамлиги ўйинлари давом этмоқда. Кеча, 15 август кунги беллашувлар ўзбекистонлик спортчилар учун жуда омадли келди.

Аёллар ўртасида -52 кг вазн тоифасида иштирок этган икки нафар ўзбекистонлик дзюдочи шоҳсупага кўтарилди. Диёра Келдиёрова Ислом бирдамлиги ўйинларида ҳам ўз вазнида тенгсиз эканини кўрсатган бўлса, Сита Қадамбоева бронза медалига сазовор бўлди. Шунингдек, -63 кг вазн тоифасида баҳс олиб борган Севинч Исоқова Ўзбекистон делегацияси ҳисобига навбатдаги бронза медалини қўшиб қўйди.

Дзюдо бўйича Ўзбекистон эркаклар терма жамоаси ҳам ўйинларда муваффақиятли иштирок этганини қайд этиш керак. -73 кг вазн тоифасининг финал баҳсида Шаҳрам Аҳадов озарбайжонлик Наримон Мирзаевни мағлубиятга учратиб, Ислом бирдамлиги ўйинларининг чемпионига айланди.

Шунингдек, Ўзбекистон Параолимпия терма жамоаси ҳам Ислом бирдамлиги ўйинларида омадли иштирок этди. Ўзбекистонлик параолимпиячилар 4 та пара спорт туридан жами 7 нафар иштирокчи билан Туркияга йўл олган эди. Якунда ўзбекистонлик параолимпиячилар 3 та олтин, 2 та кумуш ва 3 та бронза, жами 8 та медалга сазовор бўлган ҳолда, ўйинлардаги иштирокини якунлади.

Ўйинларнинг 15 август кунига белгиланган баҳслари қиличбозлик ва сузиш бўйича Ўзбекистон терма жамоали учун ҳам омадли келди. Қиличбозлик бўйича Зайнаб Дайибекова, Паола Плиего, Айсулу Уснатдинова ва Севинч Исмоиловадан иборат терма жамоа финал баҳсида Озарбайжонга имкониятни бой бериб, кумуш медаль билан тақдирланди. Сузиш бўйича терма Ўзбекистон жамоаси аъзолари Алексей Тарасенко, Олимжон Одилов, Егор Петряков ва Хуршиджон Турсунов ҳам кумуш медали билан мукофотланди.

Аввалроқ, оғир атлетика бўйича мусобақаларда -109 кг вазн тоифасида иштирок этган Руслан Нуриддинов Ислом бирдамлиги ўйинларининг рекордини ўрнатиб, мутлоқ чемпионликни қўлга киритган эди. Нуриддиновнинг ортидан, +109 кг вазн тоифасида Акбар Жўраев ҳам шоҳсупага кўтарилди.


Маълумот учун, Ислом бирдамлиги ўйинлари 18 августга қадар давом этади. Ҳозирча, Ўзбекистон делегацияси 40 та олтин, 28 та кумуш ва 44 та бронза, умумий ҳисобда 112 та медал жамғарди. Бу кўрсаткич борасида фақатгина мезбон Туркия Ўзбекистондан олдинда бормоқда, холос.

Маъруф Абдумаликов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 861
Рейтинг: 3.1
t
×