Ишонч инқирози кузатилмоқда – Шавкат Мирзиёев
Жамият
−
20 Сентябрь 2023
4203Жаҳон миқёсида ишонч инқирози кузатилмоқда. Глобал хавфсизлик институтлари фаолиятидаги муаммолар ва халқаро ҳуқуқ меъёрларидан чекиниш кучаймоқда. Ва буларнинг барчаси кенг кўламдаги кескинлик ортишига сабаб бўлмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 19 сентябрь кунпи Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 78-сессиясида сўзлаган нутқида айтиб ўтди.
Унинг билдиришича, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг навбатдаги сессияси халқаро муносабатлар тизимида фундаментал ўзгаришлар юз бераётган бир шароитда бўлиб ўтмоқда.
“Геосиёсий қарама-қаршиликлар туфайли савдо, инвестиция ва инновация соҳаларида эркин алмашиш йўлида янги тўсиқлар вужудга келмоқда. Ҳатто иқлим ўзгаришлари, очлик ва тенгсизликка қарши кураш сингари бутун башарият тақдирига дахлдор бўлган масалаларда ҳам ўзаро мулоқот издан чиққани сезилмоқда”, дейди Ўзбекистон раҳбари.
Унинг қайд этишича, бундай мураккаб шароитда амалий ҳамжиҳатлик ва ҳамкорлик руҳини сақлаш, умумий манфаатларни мавжуд зиддиятлардан юқори қўйган ҳолда, мамлакатларни жипслаштириш ғояси ҳар қачонгидан ҳам долзарб бўлиб бормоқда.
“Биз ўтган йили умумий хавфсизлик ва тараққиётга қаратилган “Самарқанд бирдамлик ташаббуси”ни илгари сурдик. Асосий мақсадимиз мамлакатларимиз ва халқларимизнинг бугунги куни ва истиқболи учун масъулиятни ҳар томонлама чуқур англаш, очиқ ва конструктив ҳамкорликка тайёр барча томонларни глобал мулоқотга жалб қилишдан иборат.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби ташаббуси билан келгуси йил Келажак саммити ўтказилиши халқаро ва минтақавий тараққиётнинг долзарб муаммоларини ҳал этишга, Ташкилотимизнинг таъсири ва самарадорлигини янада оширишга хизмат қилади, деб ишонаман”, дейди Шавкат Мирзиёев.
Маълумот учун, сессия раиси Деннис Фрэнсис бошчилигида ўтган мунозараларнинг биринчи кунида БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш, аъзо мамлакатлар етакчилари – Америка Қўшма Штатлари Президенти Жозеф Байден, Бразилия Федератив Республикаси Президенти Луис Инасиу Да Силва, Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған, Жанубий Африка Республикаси Президенти Сирил Рамафоса, Қатар Давлати Амири шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний ва бошқа давлатлар раҳбарлари иштирок этди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь