Ироқдан 32 нафар бола махсус рейс билан қайтарилди
Жамият
−
19 Ноябрь 2019
7338Кеча, 18 ноябрь куни Россия Федерацияси Ироқнинг Бағдод шаҳридан ИШИД террористик ташкилоти аъзоларининг 32 нафар фарзанди олиб келинди. Болалар Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг махсус рейси билан мамлакатга қайтарилган. Болаларнинг ёши 1-3 ёш оралиғида.
Россия Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабарига кўра, болакайлар Болалар саломатлиги миллий тиббиёт илмий-тадқиқот марказига жойлаштирилган.
Россия Президенти ҳузуридаги бола ҳуқуқлари бўйича омбудсмен Анна Кузнецова журналистларга кейинчалик болалар Россиянинг 13 та минтақасига қариндошларининг олдига юборилишини айтди.
Бугунги кунда Ироқда топилган вояга етмаган 122 нафар бола олиб келинган. Улар орасида 1 ёшдан 15 ёшгача бўлган болалар бор.
Анна Кузнецованинг сўзларига кўра, Суриядаги қамоқхона ва лагерларда яна қарийб 150 нафар бола бўлиши мумкин. Улардан 49 нафарининг ДНК таҳлили Россия фуқаролари билан қариндошлик алоқалари борлигини тасдиқлаган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг май ва октябрь ойларида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг махсус топшириғи билан мутлақо маҳфий бўлган “Меҳр” операцияси амалга оширилди. Май ойида Яқин Шарқдаги қуролли тўқнашувлар ҳудудидан 156 нафар аёллар ва болалар Ўзбекистонга олиб келинди. Операциянинг давомида эса 64 нафар болалар Ўзбекистонга қайтарилди.