“Меҳр-2”: Ироқдан 64 бола Ўзбекистонга қайтарилди
Жамият
−
11 Октябрь 2019
8802Кеча, 10 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев топшириғига биноан ўзбекистонлик 64 нафар бегуноҳ бола махсус авиарейсда Тошкент шаҳрига олиб келинди.
Ироқ давлати ҳукумати ва ЮНИСЕФ Халқаро болалар ташкилоти билан ҳамкорликда она Ватанига қайтарилган бу болалар Ироқ давлати ҳудудида оғир шароитда яшаётган эди.
“Меҳр-2” инсонпарварлик амалиёти доирасида юртимизга олиб келинган 39 ўғил ва 25 қиз боланинг орасида 14 нафар 3 ёшгача бўлган ҳамда 2 нафар ота-онасидан айрилган жажжи бола бор.
Гуманитар амалиёт ишчи гуруҳи томонидан айни пайтда турли халқаро террористик ташкилотларга аъзо бўлиб, ўзга давлатлар фуқаролари тинчлиги ва осойишталигига таҳдид солгани учун Ироқ давлатида 10-20 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган ёки умрбод қамоқ жазосини ўтаётган ўзбекистонлик аёллар билан тегишли суҳбатлар ўтказилди ва фарзандларини Ўзбекистонга қайтариш бўйича уларнинг розилиги олинди.
Таъкидлаш жоизки, ушбу аёллардан айримларининг турмуш ўртоғи айни пайтда халқаро террористик ташкилотлар сафида қолаётган бўлса, бир қисми жанговар ҳаракатлар давомида аянчли ўлим топган, қолганлари эса Ироқ ва Сурия қамоқхоналарида жазо ўтамоқда.
Таъкидланишича, тўғри йўлдан адашиб, бошқа давлатлар орқали “уруш ўчоқлари”га бориб, халқаро террористик ташкилотлар сафига қўшилган ота-оналар фарзандлари руҳий ва жисмоний қийинчиликларга дуч келган.
Эндиликда бу болалар барча қулайликларга эга соғломлаштириш муассасасига жойлаштирилади. Мутахассислар уларга ҳар томонлама тиббий, психологик ва ижтимоий ёрдам кўрсатади. Болалар учун иссиқ овқат ташкил этилиб, янги кийим-кечак билан таъминланади.
ЎзАнинг ёзишича, уларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатларни расмийлаштириш, ҳомийлар ва васийларга бириктириш, боғча, мактабга жойлаштириш масалалари ҳам ҳал этилади.
Эслатиб ўтамиз, май ойида ўтказилган “Меҳр” операцияси натижасида Суриянинг Ал-Хол лагеридан 156 нафар ўзбекистонлик қутқарилди. Операция қандай ўтказилгани ҳақида ҳужжатли фильм ҳам намойиш қилинди.