Ироқда Теlegram блокланди
Олам
−
07 Август 2023
3120Ироқда Теlegram мессенжери блокланди. Бу ҳақда мамлакат Алоқа вазирлиги маълумотларга таяниб, “Reuters ” агентлиги хабар берди.
Унга кўра, ушбу қарор миллий хавфсизлик ҳамда фойдаланувчиларнинг шахсий маълумотлари яхлитлигини сақлаш мақсадида қабул қилинган. Вазирлик Теlegram раҳбариятидан фойдаланувчиларнинг шахсий маълумотлари ва бу турдаги ахборотларни ошкор этувчи каналларни ўчириб ташлашни сўраган. Бироқ, Ироқ расмийларининг айтишича, компания сўровга ҳеч қандай жавоб бермаган.
“Алоқа вазирлиги давлат ва унинг институтлари хавфсизлигига путур етказмаган ҳолда, фуқароларнинг сўз ва мулоқот эркинлиги ҳуқуқларига ҳурмат билан қарашини яна бир бор тасдиқлайди”, дейилади Ироқ ҳукумати баёнотида.
Маълумот учун, илгари Теlegram мессенжери фақат Эрон ва Хитойда тўлиқ блокланган эди. Турли вақтларда дастур Россия, Беларусь, Қозоғистон, Афғонистон, Бразилия, Ҳиндистон ва Индонезияда вақтинча чекланган.