Ироқда миллий мотам эълон қилинди
Олам
−
03 Февраль
17399Ироқ ҳукумати тунда АҚШ ҳарбий-ҳаво кучларининг чегара ҳудудларига уюштирган ҳужумларида ҳалок бўлганлар хотирасига бутун мамлакат бўйлаб мотам эълон қилди. Тегишли фармон мамлакат Бош вазири Муҳаммад ал-Суданий томонидан имзоланди.
“Бугун, 3 февраль куни барча давлат муассасалари ва идораларида Анбар вилоятининг чегарадош Ал-Қоим шаҳри ҳудудида Америка бомбардимонлари қурбонлари бўлган ҳарбий хизматчилар ва тинч аҳоли вакиллари хотирасига умумхалқ мотам куни эълон қилинди”, дейилади ҳужжатда.
“Shafaq News” ахборот портали хабарига кўра, АҚШ самолётлари Ал-Қоим ҳудудидаги Эронпараст қуролли гуруҳларнинг тўртта позициясига, жумладан, “Ал-Ҳашд аш-Шабиий” милицияси нишонларига зарбалар берган. Нишонлардан бири Ироқнинг Анбар вилоятида бўлган. “Al Hadath” каналига кўра, Америка самолётлари Сурия ва Ироқ чегарасидаги тахминан 130 км узунликдаги чизиқ бўйлаб зарбалар берган. Ироқ ҳукумати Американинг бомбардимон қилиши оқибатида 16 киши ҳалок бўлгани, 25 киши яраланганини маълум қилган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ АҚШ Марказий қўмондонлиги Сурия ва Ироқдаги 85 дан ортиқ нишонга зарба бергани, бу ҳаво ҳужумлари Эрон инқилоби қўриқчилари корпусига тегишли “Ал-Қудс” махсус кучлари ва унга алоқадор гуруҳларга қарши қаратилганини билдирганди. Сурия ва Ироқ ўз ҳудудларида Америка Қўшма Штатлари томонидан берилган зарбаларни қоралади.