Сурия ва Ироқ АҚШнинг зарбаларини қоралади

Олам

image

Сурия ва Ироқ ўз ҳудудларида Америка Қўшма Штатлари томонидан Эронга алоқадор кучларга берилган зарбаларни қоралади. Бу ҳақда икки давлат расмийлари чиқиш қилди. 

Дастлаб Ироқ Қуролли кучлари матбуот котиби Яҳё Расул миллий телевидение орқали АҚШ зарбаларини “мамлакат суверенитетининг бузилиши” деб атади. 

“АҚШнинг ҳаракатлари Ироқ ҳукуматининг саъй-ҳаракатларига путур етказади ҳамда Ироқ ва бутун минтақа учун даҳшатли оқибатларга олиб келиши мумкин бўлган хавф туғдиради. Натижалар Ироқ ва минтақа хавфсизлиги ва барқарорлиги учун жиддий оқибатларга олиб келади", дейди Яҳё Расул.

Ўз навбатида, АҚШ маъмурияти вакили Жон Кирби Вашингтон Ироқ ҳукуматини Вашингтоннинг зарбалар бериш режалари ҳақида хабардор қилганини айтган.

Сурия Ташқи ишлар вазирлиги эса АҚШнинг ўз ҳудудига берган зарбаларини ҳужум сифатида қоралаб, уни оқлайдиган барча баҳона ва ёлғонларни қатъиян рад этишини билдирди.

Шунингдек, Сурия Мудофаа вазирлиги тинч аҳоли ва ҳарбий хизматчилар АҚШ ҳарбий-ҳаво кучларининг Сурия шарқига берган зарбалари қурбони бўлганини маълум қилди. 

“Ҳаво ҳужумлари оқибатида бир қанча тинч аҳоли ва ҳарбий хизматчилар ҳалок бўлган, жароҳатланган, давлат ва хусусий мулкка катта зарар етказилган”, дейилади вазирлик баёнотида.

Маълумотларга кўра, Қўшма Штатлар Сурия шарқидаги Дайр-аз-Зор вилоятида жойлашган эронпараст кучлар позицияларига тўртта ҳужум уюштирган. Ал-Маядин чўл минтақаси ва Ироқ билан чегарага яқин Бу-Камол шаҳри шарқида ҳарбийлаштирилган гуруҳларнинг нишонлари бомбардимон қилинган. АҚШ ҳарбий-ҳаво кучлари Ироқ ҳудудидаги чегарадаги Ал-Қоим шаҳри яқинидаги эронпараст қўшинлар нишонларига ҳам ҳужум қилган.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ АҚШ Марказий қўмондонлиги 85 дан ортиқ нишонга зарба берган ва бу ҳаво ҳужумлари Эрон инқилоби қўриқчилари корпусига тегишли “Ал-Қудс” махсус кучлари ва унга алоқадор гуруҳларга қарши қаратилганини билдирганди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Сурия Эрон Ироқ

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг