АҚШ Кариб денгизида яна бир кемани йўқ қилди (видео)
Олам
−
05 Декабрь 3464 1 дақиқа
АҚШнинг Southern Spear қўшма оператив гуруҳи Тинч океанида наркотик ташиётган яна бир кемага ҳужум уюштирилганини маълум қилди. Бу ҳақда Southern Spear’нинг X ижтимоий тармоғидаги саҳифасида хабар берилди.
Жанубий қўмондонлик маълумотига кўра, ҳужум кеча, 4 декабрь куни Мудофаа вазири Пит Ҳегсет буйруғи билан амалга оширилган. Разведка кеманинг наркотрафик учун машҳур йўналиш бўйлаб ҳаракатланаётганини тасдиқлаган. Ҳужум оқибатида кемадаги “тўрт нафар наркотеррорчи” ўлдирилгани билдирилди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг октябрь ойи ўрталарида АҚШ Президенти Дональд Трамп Венесуэла яқинида наркотик ташиётган кема йўқ қилингани ҳақида хабар берган эди. Орадан кўп ўтмай, у АҚШга йўл олган йирик сувости кемаси ҳам йўқ қилинганини айтди.
Кейинчалик Мудофаа вазири Ҳегсет Кариб денгизида яна бир “наркотеррорчилар кемаси”га зарба берилгани ҳақида маълум қилди ва наркотрафик билан шуғулланувчиларга огоҳлантириш берди. Ноябрь ойи ўрталарида эса АҚШнинг авиация зарба гуруҳи Кариб денгизига киргани, бортда 4 минг ҳарбий хизматчи ва ўнлаб тактик самолётлар борлиги хабар қилинганди.