Ирландия Исроилга қарши резолюцияни расман қабул қилди
Олам
−
09 Ноябрь
3853Жорий йилнинг 7 ноябрь куни Ирландия парламенти Исроилга қарши резолюцияни қабул қилди. Бу ҳақда “The Algemeiner” хабар берди.
“Исроил Ғазо секторида бизнинг кўз ўнгимизда геноцид содир этмоқда”, дейилади резолюция матнида.
Резолюция қабул қилинганидан сўнг, Ирландия Ташқи ишлар вазири Михол Мартин ҳукумат йил охиригача Халқаро судда Жанубий Африканинг Исроилга қарши геноцид даъвосига қўшилиш ниятида эканини айтган.
“Исроилнинг Ғазодаги ҳарбий ҳаракатлари ҳар қандай маънавий кўрсатмалардан ташқарида. Биз бутун аҳолининг жамоавий жазоланишига ва Ғазо бутунлай вайрон қилинганига гувоҳ бўлмоқдамиз”, деган Мартин.
Муҳокамалардан сўнг ҳали юридик кучга эга бўлмаган қарор овоз бериш йўли билан қабул қилинган. Нашрга кўра, ушбу ҳужжат ҳукуматни ҳаракат қилишга мажбур қилмаса ҳам, парламентнинг вазиятга нисбатан позициясини акс эттиради. Резолюция Ирландия ҳукуматини Исроил билан ҳар қандай ҳарбий материаллар савдосини тўхтатишга, икки мақсадли маҳсулотларни сотишни тақиқлашга, Исроилга қурол олиб кетаётган самолётлар учун Ирландия аэропортлари ва ҳаво кенгликларини ёпишга ҳамда мамлакатга савдо ва дипломатик санкциялар жорий этишга чақиради.
Маълумот учун, 2023 йил 7 октябрдан буён Ғазода ҳалок бўлганлар сони 43 минг кишидан ошди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Малайзия Бош вазири Анвар Иброҳим расмий Куала-Лумпур БМТ Бош Ассамблеяси учун резолюция лойиҳасини тайёрлаганини айтганди. Унда бошқа давлатлар қаторида Фаластин билан боғлиқ масалаларда қонунлар, қоидалар ва қарорлар бузилган тақдирда Исроилни ташкилот аъзолигидан чиқариш таклиф қилинган. Анвар Иброҳим қонунчиларга резолюция лойиҳаси музокаралар жараёнида эканлиги ва тез орада маъқуллаш учун БМТ Бош Ассамблеясига тақдим этилиши кутилаётганини маълум қилганди.
Муҳаммад Ҳодиев
LiveБарчаси