Малайзия Исроилни БМТдан чиқариб юборишни таклиф қилмоқда
Олам
−
05 Ноябрь
2449Малайзия Бош вазири Анвар Иброҳим кеча, 4 ноябрь куни расмий Куала-Лумпур БМТ Бош Ассамблеяси учун резолюция лойиҳасини тайёрлаганини айтди. Бу ҳақда “The Malaysian Reserve” хабар берди.
Унда бошқа давлатлар қаторида Фаластин билан боғлиқ масалаларда қонунлар, қоидалар ва қарорлар бузилган тақдирда Исроилни ташкилот аъзолигидан чиқариш таклиф қилинган. Анвар Иброҳим қонунчиларга резолюция лойиҳаси музокаралар жараёнида эканлиги ва тез орада маъқуллаш учун БМТ Бош Ассамблеясига тақдим этилиши кутилаётганини айтган.
“Кучли чоралар, жумладан, инсон ҳуқуқлари бузилиши ва геноцид жиноятлари ортидан Исроилнинг БМТдан чиқарилиши имкон қадар тезроқ амалга оширилиши керак”, деган Бош вазир.
Унинг таъкидлашича, Малайзия Исроилнинг ваҳшийликларини тўхтатиш учун кун тартибини тинглаш ва унга доимий эътибор беришни таъминлайди, шунингдек, қирғин кучайиб бораётган бир пайтда Фаластин халқига муҳим ёрдамларнинг етиб боришига имкон беради.
Бош вазирга кўра, резолюция маъқулланганидан кейин БМТнинг Яқин Шарқдаги Фаластинлик қочқинларга ёрдам ва ишлар агентлиги (UNRWA) таълим, соғлиқни сақлаш ва гуманитар ёрдам каби асосий хизматларни кўрсатишни давом эттириши учун қонуний асос бўлиши кутилмоқда.
Маълумот учун, Исроил парламенти ўтган ҳафта UNRWA фаолиятини тақиқловчи қонун лойиҳасини қабул қилди, бу эса охир-оқибат унинг Ғазо сектори, босиб олинган Ғарбий Соҳил ва Шарқий Қуддусдаги фаолиятига таъсир қилади. Қонун 90 кундан кейин кучга киради.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Малайзия Ғазодан 127 фаластинликни муваффақиятли эвакуация қилиб, уларни Жануби-Шарқий Осиё давлатидаги хавфсиз жойга олиб келгани хабар қилинганди. Эркаклар, аёллар ва болалардан иборат гуруҳ Малайзия Қироллик ҳаво кучлари самолётида Субанг авиабазасига етиб келган. Ушбу қутқарув миссияси жорий йилнинг 4 август куни Куала-Лумпурда “Фаластин учун бирдамлик” митинги чоғида операция ҳақида маълум қилган Малайзия Бош вазири Анвар Иброҳим ташаббуси билан бошланган.
LiveБарчаси