Видео: “Ипподром” ва “Ўрикзор” бозорлари яқинидаги йўлларга кузатув камералари ўрнатилди

Жамият 1788

“Чилонзор” буюм бозори ва “Ўрикзор” савдо мажмуаси жойлашган йўлларда кузатув камералари ўрнатилди. Бу ҳақда “Давр” информацион дастури лавҳасида маълум қилинди.

Камералар бозор атрофида, тақиқланган жойда автомобилини қолдириб кетаётган ҳайдовчиларни жаримага тортишга мўлжалланган.

“Чилонзор” буюм бозори ва “Ўрикзор” савдо мажмуаси олдига тирбандликнинг олдини олишга хизмат қиладиган “тўхташ тақиқланади” белгиси остида қолдирилган автомобилларни қайд қилиб борадиган 4 та айланма стационар кузатув камералари ўрнатилди.

Камера автомобиль тўхтагандан сўнг айнан вақтни белгилайди. Орадан 1 дақиқа ўтгач, камера ўша жойга қайтади ва машина турган бўлса, вақт ва фотосуратни қайд этади. Бу жараёнда ҳеч қандай инсон омили йўқ. Бу дегани камера 100 фоиз автоматик тарзда ишлайди.

ЙПХ ходимининг сўзларига кўра, камера автомобиль рақамини аниқлаб, Ўзбекистон почтасига юборади. Почтадан бегиланган вақт ва белгиланган тартибда ҳайдовчининг уйига қоидабузарликка йўл қўйгани ҳақида огоҳлантириш хати юборилади.

Маълумот учун, ушбу камералар жорий йилнинг 10 июлидан қоидабузарликларни қайд этиб, жарима ёзишни бошлайди.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 33
Рейтинг: 3.1