Иордания Ғазо секторига инсонпарварлик ёрдами жўнатди
Олам
−
12 Октябрь 2023
6560Иордания Исроил томонидан тўлиқ блокадада бўлган ва йирик ҳужумларга учраган Ғазо сектори аҳолиси учун самолётда инсонпарварлик ёрдами жўнатди. Бу ҳақда “Haşimi” хайрия ташкилоти хабарида айтилади.
“Асосан дори-дармон ва тиббий буюмларни олиб кетаётган самолёт Иордания қироли Абдулла II буйруғи билан қуролли кучлар билан ҳамкорликда Ғазога жўнатилган”, дейилади хабарда.
Қайд этилишича, гуманитар юкларни етказиб бериш Миср координациясида амалга оширилмоқда. Самолёт аввал Мисрга учади.
Баёнотда айтилишича, юк Ғазо секторидаги соғлиқни сақлаш идораларига Рефаҳ чегара дарвозаси орқали етказилади.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Миср АҚШ ва бошқа давлатлар билан ўз чегаралари орқали Ғазо секторига гуманитар ёрдам етказиш режаларини муҳокама қилган, бироқ анклавни тарк этаётган қочқинлар учун хавфсиз йўлаклар яратиш бўйича ҳар қандай қадамлардан бош тортганди.
Исроил-Фаластин можароси
Жорий йилнинг 7 октябрь куни эрталаб Ғазо секторидан Исроил ҳудудига ракета ҳужуми бошланди. Кейинчалик ҲАМАС Исроилга қарши “Ал-Ақсо тўфони” ҳарбий операцияси бошланганини эълон қилди. Исроил Мудофаа кучлари эса бунга жавобан “Темир қиличлар” “аксилтеррор операцияси”ни бошлади.
Шундан сўнг, Бош вазир Биньямин Нетаньяху исроилликларга мурожаат билан чиқиб, мамлакатда содир бўлаётган воқеалар ҳарбий операция эмас, балки тўлақонли уруш эканини айтди. 9 октябрь куни Исроил Мудофаа вазири Йоав Галант Исроил ҳарбийлари Ғазо секторини кенг кўламли блокадага киришаётганини маълум қилди. У Ғазо секторида электр, озиқ-овқат, ёқилғи бўлмаслигини, ҳамма нарса ёпилишини айтди.
Шунингдек, Исроил Ғазо секторидаги Ал-Ярмук, Ал-Эмин Муҳаммад, Аҳмад Ясин, Муҳаммад Эл-Ҳабиб, Эс-Суси ва Ал-Ғарби масжидларига зарба берди. Бу орада Америка Қўшма Штатлари Ғазо сектори атрофидаги кескинлик фонида “Эронни жиловлаш учун” Яқин Шарққа қўшимча 20-25 та F-35 ва F-15 қирувчи самолётларини юбориши маълум бўлди. Германия эса Фаластин ҳудудларидаги гуманитар лойиҳалар учун аввал тасдиқланган маблағларни ажратишни тўхтатди.
Венесуэла Президенти Николас Мадуро эса Исроилни Фаластин халқини қирғин қилишда айблаб, зудлик билан тинчлик музокараларини бошлаш ва Фаластиннинг ҳудудий ҳуқуқларини кафолатловчи БМТ резолюцияларини амалга оширишга чақирди. Россия Президенти Владимир Путин ҳам мустақил суверен Фаластин давлатини яратиш зарурлигини айтиб ўтди. Шунингдек, у Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги қуролли тўқнашувларни АҚШ сиёсати муваффақиятсизлигининг яққол мисоли деб атади. Украина Президенти Владимир Зеленский эса Яқин Шарқдаги бу можародан Россия манфаатдорлигини таъкидлади.
LiveБарчаси