Интернет орқали товламачилик учун жиноий жавобгарлик белгиланмоқда
Жамият
−
07 Сентябрь 2023
2365Ўзбекистонда интернет орқали товламачилик қилганлар учун жиноий жавобгарлик белгиланмоқда. Бу ҳақда “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят ва Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳасида келтирилган.
Бугунги кунда интернет тармоғидан фойдаланган ҳолда шахсларнинг мобил қурилмаларини ҳамда ижтимоий тармоқ ва мессенжерлардаги аккаунт ва каналларини зарарли дастур юбориш орқали блоклаб (тўсиб) қўйиш, маълумотларини ўчириб юбориш, ўзгартириш ёки олиб қўйиш билан қўрқитиб, пул ёки бошқа моддий манфаатдорлик талаб қилиш ҳолатлари юз бермоқда.
Шунингдек, рақамли технологиялар маконида қонунга хилоф равишда крипто-активлар айланмаси билан шуғулланиш, аноним крипто-активлар майнингини амалга ошириш ҳамда мобил қурилманинг халқаро ўзига хос идентификация кодини қонуний ишлаб чиқарувчисининг рухсатисиз ўзгартириш каби ҳуқуқбузарлик ҳолатлари кўпаймоқда.
Таклиф этилаётган қонун лойиҳаси билан интернетда товламачилик, ноқонуний крипто-активлар айланмаси ва майнинги билан шуғулланганлик учун жиноий жавобгарлик ҳамда мобил қурилманинг халқаро ўзига хос идентификация кодини қонуний ишлаб чиқарувчисининг рухсатисиз ўзгартириш, шу билан бирга, ушбу мақсадда махсус дастурлар ишлаб чиқиш, ўтказиш ёки улардан фойдаланиш учун маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда.
Қонун ташаббускорларининг маълум қилишича, ноқонуний крипто-активлар айланмаси ва майнинги билан шуғулланганлар, агар уларни тайёргарлик кўрилаётган ёки содир этилаётган жиноят ҳақида ўз ихтиёри билан арз қилган ва уни очишга фаол ёрдам берган бўлишса жиноий жавобгарликдан озод қилинади.
Мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши келгусида ахборот технологиялари ёрдамида содир этилган жиноятларни фош этиш, уларга қарши курашиш ҳамда тергов қилишда барча куч ва воситаларни тўлиқ йўналтиришга, шунингдек, крипто-активлар айланмаси соҳасидаги қонунчилик ҳужжатларини бузиш ва қонунга хилоф равишда майнингни амалга ошириш учун жавобгарлик доирасини аниқ норма билан белгиланишига хизмат қилади.
Қайд этилишича, депутатлар қонун лойиҳасининг заруратини ҳисобга олиб, уни биринчи ўқишда қабул қилган.
LiveБарчаси