“Фарҳод” автоқисмлар бозорида 12 кишилик жиноий гуруҳ қўлга олинди (видео)

3-саҳифа

image

Тошкент шаҳридаги криминоген вазиятни соғломлаштириш ҳамда жиноятчиликка барҳам бериш йўналишида олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари доирасида жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйилди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, Учтепа туманининг Фарҳод кўчасида жойлашган “Автомобил эҳтиёт қисмлари” бозорида 12 нафар шахсдан ташкил топган жиноий гуруҳ фаолиятига барҳам берилган. Жумладан, жиноий гуруҳ аъзолари мижознинг автотранспорт воситасига унинг рухсатисиз ва олдиндан келишмаган ҳолда турли жиҳозлар ўрнатиб, техник хизмат кўрсатган. Шундан сўнг, ушбу хизмат бозор нархида 600 доллар бўлишига қарамасдан, фуқародан 13 минг 300 долларни товламачилик йўли билан ундирган. Ўз ҳаққини талаб қилган мижозга улар қўрқитиш йўли билан таҳдид қилган.

Яна шунга ўхшаш ҳолатда эса жиноий гуруҳ аъзолари бошқа бир фуқаронинг автомашинасига унинг розилигисиз турли эҳтиёт қисмларни ўрнатиб, ундан 3 баробар қиммат нархда пул талаб қилган. Аниқланишича, улар автомашина калитини фуқародан олиб қўйиб, тазйиқ ўтказиш орқали ундан 15 миллион сўм ундирган.

ДХХнинг ёзишича, қонунбузарлар яна 2 фуқаронинг автомашинасини қўшимча эҳтиёт қисмлар билан жиҳозлаш учун улардан жами 70 миллион сўм миқдорида пул олиб, ваъда қилинган ишни бажармаган.

Маълумот учун, жиноий гуруҳ аъзоларининг кўпчилиги 1988-2002 йиллар оралиғида Тошкент шаҳри, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида туғилган бўлиб, уларнинг аксарияти муқаддам судланган шахслар ҳисобланади.

Ҳозирда мазкур шахсларнинг барчасига нисбатан Жиноят кодексининг 165-моддаси (товламачилик) ва 168-моддаси (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган. Тергов доирасида гуруҳ аъзоларининг бошқа жиноий ҳаракатларига ва улардан жабр кўрган фуқароларнинг шахсига аниқлик киритиш бўйича зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қорақалпоғистон Республикаси Беруний тумани ҳокимининг ўринбосари пора билан қўлга тушганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Тошкент ДХХ фирибгарлик товламачилик жиноий гуруҳ

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг