Интернет орқали фоҳишалик қилишга жиноий жавобгарлик белгиланмоқда
Олам
−
22 Май
9874Қозоғистон расмийлари интернет орқали жинсий алоқа хизматларини ташкил қилиш учун жиноий жавобгарликни жорий этишни, шунингдек, нормалар ишлаб чиқишда “фоҳишалик” тушунчасидан фойдаланишни режалаштирмоқда. Қонун ҳужжатларига тегишли ўзгартишлар республика парламенти Мажлиси (қуйи палатаси) томонидан маъқулланди.
Депутатлар “Қозоғистон Республикасида одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги қонунни унга қўшимчалар билан бирга иккинчи ўқишда қабул қилди. Ҳужжатда, хусусан, фоҳишалик – жинсий алоқа ёки жинсий характердаги бошқа ҳаракатлар орқали бошқа шахснинг жинсий эҳтиёжларини қондириш мақсадида, шу жумладан, телекоммуникация тармоқлари ва Интернетдан фойдаланиш орқали жинсий хусусиятга эга хизматларни пуллик кўрсатиш тушунчаси киритилган.
“Фоҳишалик” таърифининг таклиф этилаётган таҳрири фоҳишаликнинг бундай турларини, жумладан, вояга етмаганларни ноқонуний жалб қилган ҳолда ҳам қамраб олиш ва келгусида ташкилотчиларни Жиноят кодексининг бир қанча моддалари бўйича жавобгарликка тортиш имконини беради. Бундан ташқари, қонун одам савдоси билан боғлиқ жиноятларни жиноий жавобгарликка тортади. Шундай қилиб, одам савдоси жабрдийдаларининг ҳуқуқлари, вояга етмаганлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва бу борадаги халқаро ҳамкорлик тамойиллари белгилаб берилган.
Унга киритилган ўзгартиришлар Жиноят кодексига жиноятларнинг янги тоифаси – одам савдоси билан боғлиқ жиноятларни киритади. Мажбурлаш усулларини кенгайтириш нуқтайи назаридан “одамни эксплуатация қилиш” тушунчаси халқаро конвенцияларга мослаштирилмоқда. Бундан ташқари, янги қонун одам савдоси билан боғлиқ жиноятлар иштирокчилари ўртасида муросага келиш имкониятини истисно қилади.
Мажлис томонидан қабул қилингандан сўнг қонун кўриб чиқиш учун парламентнинг юқори палатаси – Сенатга юборилади.
LiveБарчаси